Ўзбекистонда бюджет ходимларига 1 январдан моддий рағбатлантириш пули тўланади

Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ходимларига 2021 йил 1 январдан бошлаб моддий рағбатлантириш пули тўланиши маълум қилинди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларга моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси, олий таълим муассасаларнинг моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳамда директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловлар ҳисоблаш 2021 йил 1 январдан давом этади.

Вазирлар Маҳкамасининг 21 cентябрь куни қабул қилинган «2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва харажатларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларга моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси, ОТМларнинг моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳамда директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловлар ҳисобланишининг тўхтатиб турилиши 1 октябрдан 2021 йил 1 январга қадар узайтирилган эди. Тиббиёт, тиббий-ижтимоий муассасалар, меҳрибонлик уйларидан ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг 1–3 разрядлари қўлланиладиган ходимлар бундан мустасно бўлган.

Маълум бўлишича, бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларга моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси, ОТМларнинг моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳамда директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловлар ҳисобланиши тўхтатиб турилишига оид ҳукумат қарор лойиҳаси тайёрланмаган.

«Тўловлар ҳисобланиши тўхтатилганди, у дастлаб октябрь ойигача, кейин йил сўнгига қадар амал қилди. Aйни пайтда муддатни яна узайтириш бўйича бирор ҳаракат йўқ. Демак, ҳукуматнинг амалдаги қарори бўйича тўловлар ҳисобланишини тўхтатиб туриш 1 январдан кейин бекор қилинади», — дейилади хабарда.

Aввалроқ Ўзбекистонда ўтган 9 ойда қанча бюджет маблағлари асоссиз сарфлангани маълум бўлганди. Шунингдек, Ўзбекистонда 2021 йил учун мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахсларга ижара тўловининг энг кам ставкалари белгилангани хабар қилинган.

Янгиликлар