Ҳисоб палатаси ходимларнинг моддий рағбатлантириш тўловлари камайтирилишига қарши чиқди

Ўзбекистон Ҳисоб палатаси 16 ноябрь куни республиканинг «2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси ва 2021 йил учун бюджетнома бўйича хулосасини эълон қилди. Бу ҳақда палата матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Хулосада айтилишича Молия вазирлиги киритган лойиҳада Ўзбекистон Республикасининг 2021—2023 йилларга мўлжалланган фискал стратегиясининг иш ҳақи ва бошқа тўловлар бўйича бюджет сиёсатида:

  • таълим муассасаларидан ташқари бюджет ташкилотларида моддий рағбатлантириш жамғармасидан тўловларни 5 фоизга;
  • таълим муассасаларида ишловчи ходимларга директор жамғармасидан тўланувчи тўловларни 4 фоизга қисқартириш таклиф қилинган.

Хулосада 2020 йилда бюджет муассасаларида ишловчи ходимларнинг иш ҳақини индексацияси инфляция даражасидан (кутилаётган инфляция миқдори 11,5 фоиз) паст миқдорда бўлганлиги ҳамда уларнинг реал даромадлари камида 10 фоизга камайганлиги инобатга олиб, юқоридаги қисқартиришларни амалга оширмаслик лозимлиги айтилган.

Ҳисоб палатаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг штат бирликларини 10 фоизга қисқартириш натижасида мақбуллаштириладиган 550 миллиард сўм ва давлат мақсадли жамғармаларига эҳтиёжга нисбатан ортиқча берилаётган 1 311,4 миллиард сўм бюджет трансфертларини ташкилотлариходимларини моддий рағбатлантириш жамғармасига йўналтиришни мақсадга мувофиқ деб топган.

Aввалроқ Ўзбекистонда ўтган 9 ойда қанча бюджет маблағлари асоссиз сарфлангани маълум бўлганди. Шунингдек, Ўзбекистонда 2021 йил учун мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахсларга ижара тўловининг энг кам ставкалари белгилангани хабар қилинган.