Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантиришни тўхтатиб туриш муддати узайтирилди

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 21 cентябрь куни «2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва харажатларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларга моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси, ОТМларнинг моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳамда директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловлар ҳисобланишининг тўхтатиб турилиши 1 октябрдан 2021 йил 1 январга қадар узайтирилди (тиббиёт, тиббий-ижтимоий муассасалар, меҳрибонлик уйларидан ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг 1—3-разрядлари қўлланиладиган ходимлардан ташқари).

Шунингдек, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобига амалга оширилиши режалаштирилган 224 миллиард сўмдан зиёд харажатлар мақбуллаштирилди. Қарорга кўра:

  • Қорақалпоғистон бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг тасдиқланган даромадлар прогнозининг бажарилмаслиги ҳисобига харажатларнинг мақбуллаштирилган қисми — республика бюджетига;
  • ушбу қарорга мувофиқ мақбуллаштирилган маблағлар — Инқирозга қарши курашиш жамғармасига ўтказилади.

Таъкидланишича, қарор билан Республика ва маҳаллий бюджетлардан мақбуллаштириладиган харажатлар тасдиқланди.

Aввалроқ Қонунчилик палатасида Aдлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси тақдим этилгани ҳамда Ўзбекистонда иш стажи ва иш ҳақини тасдиқловчи архив маълумотларни олиш соддалаштирилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар