Ўзбекистонда иш стажи ва иш ҳақини тасдиқловчи архив маълумотларни олиш соддалаштирилди

Ўзбекистонда иш ҳақи ва иш стажини тасдиқлаш ҳақида архив маълумотномани бериш бўйича давлат хизмат кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси матбуот хизмати хабар қилди.

Президентнинг 2019 йил 20 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси ‘Ўзархив’ агентлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ҳамда архив иши ва иш юритиш соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 августда «Aрхив иши ва иш юритиш соҳасида давлат хизматларини кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

Мазкур қарорга мувофиқ иш ҳақи ва иш стажини тасдиқлаш ҳақида архив маълумотномасини бериш бўйича давлат хизмат кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Хабарга кўра, эндиликда иш ҳақи ва иш стажини тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномаларни олишда ДХМлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) томонидан амалга оширилади.

Бунинг учун ариза берувчи мазкур давлат хизматидан фойдаланиш учун ДХМга ўзи келиб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун ЯИДХПдан рўйҳатдан ўтади.

Aриза берувчи ДХМга келиб мурожаат этган тақдирда унинг сўровномаси Давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, ариза берувчи томонидан тасдиқлангандан сўнг 10 дақиқа мобайнида ЯИДХП орқали мурожаат этганда автоматик тарзда тегишли давлат архивига электрон шаклда юборилади.

Қайд этилишича, давлат архиви сўровнома келиб тушган вақтдан бошлаб иш стажини тасдиқлашга оид маълумотномалар учун — 5 иш кунидан, иш ҳақини тасдиқлашга оид маълумотномалар учун — 20 иш кунидан ошмаган муддатда тегишли QR-кодли маълумотномани шакллантиради ҳамда (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) тегишли Давлат хизматлари марказига ёки (электрон шаклда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон шаклда юборилади.

Давлат хизматлари марказидан маълумотнома келиб тушгандан сўнг 10 дақиқа мобайнида уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва уни бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.

Aриза берувчи Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат қилган тақдирда сўровига кўра Давлат хизматлари маркази унга маълумотномани электрон ёки қоғоз шаклда тақдим этиши мумкин.

Шунингдек, пенсияни ҳисоблаш учун меҳнат стажини тасдиқлаш ва иш ҳақи миқдорини белгилашда архив маълумотларини тақдим этмасдан:

  • 2005—2016 йиллар даври учун жамғариб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлардан;
  • 2016—2018 йиллар даври учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан;
  • 2019 йил учун фуқаролар иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан фойдаланилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 7 ой давомида 190,1 минг фуқарога янги пенсия ва нафақалар тайинлангани ҳамда Молия вазирлиги «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими ҳақида маълумот бергани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар