Ҳавони ифлослантираётган 10 та иссиқхона фаолияти тўхтатилди

Тошкент туманида ҳаво тозалаш фильтрларисиз ишлаган 10 та иссиқхона фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан Чиғатой, Кенсой, Қирариқ, Кўксарой ва Шамсиобод маҳаллаларидаги 32 та иссиқхоналар текширилди.

Хусусан, кўмир ёқилғисида иситилаётган 10 та иссиқхонада ҳаво тозалаш учун мўлжалланган фильтр қурилмалари йўқлиги ва яна 3 тасида чиқиндиларни ёқиш ҳолатлари аниқланди.

Ҳудудий экология бўлинмалари томонидан аниқланган ҳолатлар бўйича далолатномалар расмийлаштирилиб, 10 та иссиқхонанинг фаолиятини тўхтатиш чоралари кўрилди, — дейилади хабарда.

Шунингдек, мутахассислар томонидан кўмир ёқиш вақтида ўрнатилиши зарур бўлган фильтр қурилмаларининг меъёрий талаблари, чиқиндиларни белгиланган тартибда йўқ қилиш борасидаги зарурий тушунтиришлар берилди.

Вазирлик атроф-муҳитга таъсир кўрсатаётган экологик омиллар бўйича мониторинг ва атмосфера ҳавосини ифлослантиришга қарши кураши бўйича ҳамкорликдаги тадбирлар бошқа ҳудудларда ҳам давом эттирилаётганини билдирди.

 

AI News