Тошкентнинг бир неча марказий кўчаларида ҳаракатланиш вақтинча тўхтатилади

Тошкент шаҳрининг бир неча марказий кўчаларида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани туфайли ҳаракатланиш тўхтатилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Хабага кўра, Толимаржон ва Фарғона йўли кўчалари кесишмасида олиб борилаётган йўл таъмирлаш ишлари сабабли 31 январга қадар қуйидаги ҳаракатланиш йўналишлари ёпиқ бўлади:

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

  • Сайхун кўчасидан Фарғона йўли кўчасига тўғри чиқиш йўли;
  • Фарғона йўли кўчасидан Сайхун кўчасига тўғри тушиш йўли;
  • Толимаржон кўчасидан Фарғона йўли кўчасига бурилиш — «Ўзэлектроаппарат» заводидан «Фарғона» деҳқон бозори йўналишда;
  • «Ислом ота» масжидидан «Ўзбек қоғози» ОАЖ йўналишдаги дублёр йўли.

Қайд этилишича, мазкур йўл қисмида йўл таъмирлаш ишлари жараёнида транспорт оқимини тақсимлаш учун Сайхун ва Фарғона йўли кўчалари оралиғидаги қайтиш йўл бўйлаб икки томонлама ҳаракатланиш очилади.

«Тошкент шаҳар хокимлиги тирбандликларнинг олдини олиш учун ҳайдовчиларга айланма йўллар орқали ҳаракатланишни тавсия этади», дейилади хабарда.

Аввалроқ пойтахтнинг айрим кўчаларида салкам 1 ойга транспорт ҳаракати тўхтатилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкентда 11 январдан 8- ва 132-йўналишдаги автобуслар ҳаракати тўхтатилиши ҳақида хабар берилган эди.