Пойтахтнинг айрим кўчаларида салкам 1 ойга транспорт ҳаракати тўхтатилади
Тошкент шаҳрининг айрим кўчаларида 20 декабрь кунидан 15 январь кунига қадар транспорт ҳаракати тўхтатилади. Бу ҳақда Шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Кириб келаётган Янги йил тантаналари муносабати билан Тошкент шаҳри марказида байрам тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Шу муносабат билан жорий йилнинг 20 декабрь куни соат 06:00 дан 2021 йил 15 январь соат 00:00 гача қуйидаги кўчаларда автотранспорт воситаларининг ҳаракати чекланади:
- Буюк Турон кўчасининг А.Навоий ва Матбуотчилар кўчалари оралиғидаги қисми;
- Зарафшон кўчасининг А.Навоий ва Матбуотчилар кўчалари оралиғидаги қисми;
- Истиқлол кўчасининг Буюк Турон кўчаси ва Амир Темур шоҳ кўчаси оралиғидаги қисми;
- Мустақиллик шоҳ кўчасининг Зарафшон кўчаси ва Амир Темур хиёбони оралиғидаги қисми.
Аввалроқ Тошкент шаҳридаги айрим кўчалар 6 декабрь куни II Халқаро Тошкент марафони ўтказилиши муносабати билан автомобиллар ҳаракати учун ёпилиши ҳақида хабар берилган эди.
Бундан ташқари, Тошкентда Фарғона йўли кўчасининг бир қисми вақтинча ёпилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Юнусобод тумани ва Себзор даҳасини боғловчи Кичик ҳалқа автомобиль йўли ва Уста Ширин кўчасидаги ерусти ўтказиш йўли (мост)да таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли тахминан 6 декабрь кунига қадар транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланган эди.