Тошкент шаҳридаги айрим йўлларда транспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланди

Тошкент шаҳридаги айрим йўллар кўприк қурилаётгани сабабли 6 декабрь кунига қадар ёпилди. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати

Хабарга кўра, Юнусобод тумани ва Себзор даҳасини боғловчи Кичик ҳалқа автомобиль йўли ва Уста Ширин кўчасидаги ер усти ўтказиш йўли (мост)да таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли тахминан 6 декабрь кунига қадар транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланади.

Фото: Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати

Aввалроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қамчиқ довони автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилгани ҳақида хабар берганди. Вазирлик ахборотида Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Aнгрен шаҳарлари ҳамда Наманган вилоятининг Поп туманида автотранспорт ҳайдовчилари ва йўловчиларни қабул қилиш бўйича барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланган.

Кейинчалик Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Қамчиқ довонида 28 ноябрь куни соат 11:30 дан бошлаб автотранспорт воситалари ҳаракати қайта тиклангани ҳақда маълум қилган.

Шунингдек, Жалақудуқ туманидаги Гагарин кўчасида таъмирлаш ишлари сабаб транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилгани ҳақда хабар қилинганди.