Қамчиқ довони вақтинча ёпилди
Қамчиқ довони 28 ноябрь, шанба куни автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бунга довон ҳудудида кузатилган кучли шамол ва қор кўчкиси сабаб бўлган.
«Кучли шамол ва қор кўчкиси хавфи туфайли Қамчиқ довони айни дақиқаларда вақтинча ёпилган. Aйни пайтда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарлиги остида махсус хизматлар вазиятни яхшилаш учун иш олиб бормоқда. Йўл ҳаракатланиш учун хавфсиз бўлганидан сўнг довонда транспорт ҳаракати яна тикланади», дейилади вазирлик хабарида.
Таъкидланишича, ҳозирда Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Aнгрен шаҳарлари ҳамда Наманган вилоятининг Поп туманида автотранспорт ҳайдовчилари ва йўловчиларни қабул қилиш бўйича барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу сабабли Қамчиқ довонидан ўтишга улгурмаган автотранспорт ҳайдовчилари ва йўловчиларга Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Aнгрен шаҳарлари ҳамда Наманган вилоятининг Поп туманидаги мавжуд умумий овқатланиш шохобчаларида исиниш учун вақтинча жойлашиб туриши тавсия этилган.
Aввалроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қамчиқ довонида ҳаракатланадиган ҳайдовчиларни огоҳлантиргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, довонда 12—13 ноябрь кунлари кучли қор ёғиши хабар қилинган.