ФВВ Қамчиқ довонида ҳаракатланадиган ҳайдовчиларни огоҳлантирди
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қамчиқ довонида 22 ноябрь куни қор ёғиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази маълумотларига кўра, 22 ноябрь куни А-373 Тошкент—Ўш автомобиль йўлининг Қамчиқ довони қисмида вақти-вақти билан қор ёғиши, шамол тезлиги 7–12 метр/секундгача кучайиши, ҳарорат кечаси 10–13 даража, кундузи 5–8 даража совуқ бўлиши кутилмоқда. Шунигдек, йўлларда қор уюмлари ҳамда яхмалак ҳосил бўлиши мумкин.
«Йўл транспорт ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида довон ҳудудида ҳаракатланадиган ҳайдовчилардан барча хавфсизлик чораларини кўришларини илтимос қиламиз», деб ёзади вазирлик матбуот хизмати.
Аввалроқ 19 ноябрь соат 08:00 дан 20 ноябрь соат 08:00 гача Чимён тоғ зонаси (денгиз сатҳидан 2000 метр баландлик)да қор кўчиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, 19–24 ноябрь кунларида Ўзбекистонда ҳарорат ўртача кўп йиллик қийматлардан 10–15 даражага паст бўлган совуқ об-ҳаво сақланиб туриши ҳақида хабар берилган.