Қор ва кучли шамол: «Ўзгидромет» Ўзбекистон ҳудудида шторм огоҳлантириш эълон қилди
«Ўзгидромет» Ўзбекистонга 18—20 ноябрь кунлари Ғарбий Қозоғистон ҳудудидан совуқ ва нам ҳаво оқими кириб келиши тўғрисида шторм огоҳлантириш эълон қилди. Бу ҳақда «Tez News»га Гидрометеорология марказидаги манбалари маълум қилди.
Таъкидланишича, шу кунлари Урал (Екатеринбург) ҳудудлари устида шаклланган совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда.
Қайд этилишича, 18—19 ноябрь кунлари Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудида қор, ёмғир ёғиши мумкин. Тоғли ҳудудларда эса кучли қор ёғиши кутилмоқда. Жойларда шамол эсиши секундига 15–20 метргача кучаяди.
Шунингдек, 18—20 ноябрда барча жойларда ҳарорат кечалари 8—13 даража совуққача, шимолда 10—15 даража совуққача, кундуз кунлари 0–5 даража совуққача пасайиши кутилмоқда.
«Aҳоли ва хавфли ҳудудларда жойлашган хўжалик объектларини ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўришингизни сўраймиз», дейилади хабарда.