Арманистон NATO’га аъзо бўлиш нияти йўқ — Пашинян

Арманистон бош вазири Николь Пашинян мамлакат Шимолий атлантика альянси (NATO) аъзолигига қўшилиш нияти йўқлигини маълум қилди. Унинг сўзларини «Интерфакс» келтириб ўтди.

«Бизнинг кун тартибимизда NATO билан боғлиқ масала йўқ. Яъни биз NATO’га аъзо бўлиш масаласини муҳокама қилмаяпмиз ва муҳокама қилмаймиз ҳам. NATO билан орамизда фақат ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилган ва бунинг ҳеч бир янги жойи йўқ. Илгари бизнинг NATO билан индивидуал ҳамкорлик режамиз бор эди, ҳозир ушбу режа бошқача ҳамкорлик форматига ўзгаририлади ва у NATO’га аъзоликни кўзда тутмаган», – таъкидлаб ўтди у.

Ҳукумат раҳбари Арманистонда КХШТ’га (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти) аъзолик мамлакат манфаатларига мос келиш-келмаслиги борасида музокаралар кетаётганини қайд этиб ўтди.

«Ҳозирги кунда биз де-юре КХШТ аъзоси саналамиз ва Арманистонда блокдаги узоқ муддатли аъзолик стратегияси мамлакат манфаатларига қанчалик даражада тўғри келиши борасида музокаралар олиб борилмоқда», – қўшиб ўтди Пашинян.

Янгиликлар