Навоийда ЙПХ ходимига пора таклиф қилган маст ҳайдовчига чора кўрилди

Навоийда маст ҳолатда транспорт воситасини бошқарган ҳайдовчи ЙПХ ходимига пора беришга уринди.

Қайд этилишича, Навоий шаҳрида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимлари Ибн Сино кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Nexia-2 русумли транспорт воситасини тўхтатган. Бунга автомобилнинг олд ўриндиғида ҳали 12 ёшга тўлмаган бола бўлган. Жараёнда ҳайдовчи ходимларда шубҳа уйғотган ва алкотестер орқали текширув давомида унинг спиртли ичимлик истеъмол қилгани маълум бўлган.

Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-модда (транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш) 1-қисми ва 128-модда (ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги) 1-қисми билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Ҳайдовчи мазкур баённомалар расмийлаштирилмаслиги учун ЙПХ ходимларига 3 миллион сўм пора таклиф қилган.

Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Навоий вилоят бўлими ҳамда департаментнинг Навоий вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда гумонланувчи ходимга 3 миллион сўмни бераётганида қўлга олинган.

Янгиликлар