«Микрокредитбанк»нинг собиқ ходимлари 401 млнни талон-торож қилгани аниқланди

Бухорода АТБ «Микрокредитбанк»нинг филиалидан бирида собиқ банк ходими 245 миллион сўм кредит маблағларини талон-торож қилгани аниқланди.

Қайд этилишича, АТБ «Микрокредитбанк» Бухоро минтақавий филиалининг Когон банк хизматлари маркази собиқ мутахассиси М.К. отаси М.К. номига ташкил этилган «K.H.» МЧЖга маиший техника сотиб олиш учун 245 млн сўм кредит ажратилишига эришган.

Шундан сўнг, у кредит маблағини бошқа мақсадларда сарфлаб талон-торож қилган ҳамда марказ номидан нотариал идорага сохта хат тақдим қилиб, кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган 391,1 млн сўмлик тиркамани тақиқдан чиқариб юборган.

Шу каби, Когон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда АТБ «Микрокредитбанк» Бухоро вилоят минтақавий филиалининг собиқ мутахассиси Б.Р. ўтган йили 5 нафар фуқаронинг номига уларнинг хабардорлигисиз жами 156,5 млн сўм микроқарз ва имтиёзли кредит ажратилишига эришгани аниқланган.

Маълум қилинишича, собиқ ходим кредит маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган, шунингдек ўзининг жиноий ҳаракатларини яшириш мақсадида фуқаролар А.Д. ва У.Р.нинг кредит йиғма жилдларини қасддан йўқотиб юборган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167 моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 233-моддаси (банд солинган мулкни қонунга хилоф равишда тасарруф этиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш) ва 227-моддаси (автомототранспорт воситаларини яшириш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.