Фарғонада танишига 5000 долларга уй олиб беришини айтиб, пулларни ўз эҳтиёжига сарлфаб юборган аёл ушланди

Фарғона вилояти Фарғона шаҳрида танишига 5000 долларга уй олиб беришини айтиб, пулларни ўз эҳтиёжига сарлфаб юборган аёл ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, 2019 йилнинг баҳорида A.Х. исмли аёл таниши Г.A. исмли аёлнинг ишончига кириб, 5000 доллар эвазига шаҳарда қурилаётган намунали уйлардан бирини олиб беришни айтган. Aммо берган ваъдасини бажармасдан, алдов йўли билан қўлга киритган пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Aввалроқ Олтиариқда танишидан 41 миллион сўмлик узум сотиб олиб, пулини бермаган шахс ва Сўхда мижозларнинг пластик картасидан жами 150 миллион сўм ўғирлаган банкир қўлга олингани маълум қилинган эди. Шунингдек, Қўқон давлат педагогика институтига киритишни айтиб, фуқародан 3 минг доллар пора олган олийгоҳ ходимлари ва Қўқонда савдо мажмуасидан қиймати 2 миллион сўм бўлган узук ўғирлаган аёл ушлангани ҳақида хабар берилганди.