Ғиждувонда томорқасида кўкнори етиштирган 80 ёшли онахонга суд ҳукми ўқилди

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида 7 сентябрь куни томорқасида беш туп кўкнори етиштирган Гаждумак қишлоғида яшовчи 80 ёшли онахон суд қилинди.

Ғиждувон туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан «Қорадори-2020» тадбири давомида 80 ёшли фуқаро Х.Ш. томорқасида беш туп кўкнори ўсимлигини етиштираётгани аниқланган.

Шунингдек, ИИБ ходимлари томонидан ўсимлик холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинган.

Қайд этилишича, Х.Ш 10 нафар фарзанднинг онаси бўлиб, оила аъзолари унинг кўкнори етиштириб келаётганидан бехабар бўлган.

Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми (Тақиқланган экинларни етиштириш) билан айбланган аёл 7 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон тумани судида судланди.

Маълум бўлишича, Х.Ш. судда ўз айбига иқрор бўлиб, бетоблиги туфайли кўкнорини фақат ўзи истеъмол қилиши учун етиштираётганини ва бундан оила аъзоларининг хабари бўлмаганини билдирган.

«80 ёшли судланувчи, ҳақиқатан ҳам, оғир бетоб эди. Aйниқса, суд-тергов жараёнларида судланувчи Х.Ш. билан суҳбат анча қийин кечди. Онахоннинг айбига иқрорлиги, бир неча йилдан буён касал эканлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, оилавий аҳволи, ёши ва соғлиғини инобатга олиб, унга нисбатан қонуний енгиллик берилди», — деди судья Очилов.

Таъкидланишича, шу сабабли Х.Ш. Жиноят кодексининг 70-моддаси (Шахснинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши муносабати билан уни жазодан озод қилиш)га асосан жавобгарликдан ҳамда жазодан озод қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада фуқаро уйида марихуана сақлаётганини тан олгани ҳамда Ёзёвонда уйида кўкнори сомони сақлаб келаётган фуқаро аниқлангани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар