Шофирконда «темир дафтар»га киритилган 8 нафар фуқарога жами 36 бош қўй ва эчки тарқатилди
Бухоро вилояти Шофиркон туманида «темир дафтар»га киритилган 8 нафар фуқарога жами 36 бош қўй ва эчки тарқатилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, туман ҳокими Шукрулло Ҳакимов ҳудудларда «темир дафтар»га киритилган фуқаролар билан учрашган. Унда камбағал оилаларнинг доимий даромадга эга бўлиши ва уларнинг даромадини ошириш мақсадида айрим оилаларга тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари ҳисобига қўй ва эчки олиб берилишини таъкидлаган. Бу бўйича масъулларга кўрсатмалар бериб ўтган.
«Қуйи Чуқурак» маҳалласида яшовчи Ихтиёр Сафаров ва Меҳриддин Обидовларга 4 бошдан жами 8 бош, Рифат Саъдуллаев ва Зувур Тонготаровларга 5 бошдан жами 10 бош, Чуқурак қишлоғида яшовчи Жўрабек Султоновга 2 бош, жўйнавлик Шоҳимардон Шомуродовга 8 бош, шу ҳудуддан бўлган Дилдора Наимова ва Баҳора Қобиловаларга 4 бошдан жами 8 бош қўй ва эчки олиб берилди. Натижада 8 нафар фуқарога жами 36 бош майда шохли чорва моллари тарқатилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода Миллий гвардия томонидан оилавий шароити оғир фуқароларга қорамол тарқатилгани ҳамда наманганлик фуқаронинг 2 сотих ерига иссиқхона қуриб берилгани ҳақида хабар қилинганди.