Алишер Усмонов Ўзбекистонда рус тилини ўқитиш сифатини оширишга қаратилган лойиҳага 5 млн доллар сармоя киритди
Россия делегациясининг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида 11 октябрь куни Ўзбекистонда рус тили ва умумтаълим фанларни рус тилида ўқитиш сифатини оширишга қаратилган «Зўр!» («Класс») гуманитар лойиҳа тўғрисида меморандум имзоланди. Бу ҳақда «Санъат, фан ва спорт» хайрия жамғармасининг Facebook саҳифасида маълум қилинди.
Жамғарманинг хабарига кўра, ушбу лойиҳага Россия маориф вазирлиги, Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ҳамда россиялик ўзбек миллиардери Aлишер Усмоновнинг «Санъат, фан ва спорт» хайрия жамғармаси бошчилик қилмоқда. Лойиҳа 2030 йилгача мўлжалланган.
«Санъат, фан ва спорт» хайрия жамғармаси асосчиси Алишер Усмонов меморандум имзолаш маросими иштирокчиларига ўз фикрини билдирган:
«Россия ва Ўзбекистон умумий тарих ва маданий меросга эга. Шахсан ўзим рус мактабида ўқиганман, шунинг учун ватанимда рус тилини ўқитиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати ва Россия маориф вазирлигининг узоқ муддатли ва стратегик ташаббусини бажонидил қўллаб-қувватлайман. Ишонаманки, бу шунчаки таълимни ўзини эмас, балки умумий анъаналаримиз, истеъдодларимизни ҳам қўллаб-қувватлаш бўлади. Бу ташаббус Ўзбекистон халқи орасида жуда талабгир бўлади, шунинг учун лойиҳага улкан муваффақият тилайман».
Маълумот учун, ушбу лойиҳага Aлишер Усмонов 5 миллион доллар сармоя киритган. Лойиҳанинг илк босқичида 32 нафар рус методистлари маҳаллий мактаблар ўқитувчи ва ўқувчилари ўртасида рус тилини билиш даражасини назорат қилиш учун Ўзбекистонга етиб келган. Россиялик мутахассислар Ўзбекистонда рус тилини ўқитиш сифатини баҳолайди ҳамда ҳамкасбларига тилни ўқитиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади. 2021 йилда 100 нафар россиялик мутахассис Ўзбекистонга келиши режалаштирилган. Мутахассислар сони ҳар йили 100 нафарга кўпаяди. Дастурнинг барча босқичлари 30 мингга яқин ўзбекистонлик ўқитувчиларни қамраб олади.
Аввалроқ Наманганга ва Фарғонага рус тилида ўқитиш сифатини ошириш лойиҳаси доирасида 2 нафардан россиялик педагог келгани хабар қилинган эди.