Россияда 27 ёшли ўзбек йигити устига ер ўпирилиб тушиши оқибатида ҳалок бўлди
Россиянинг Ленинград вилояти Волхов шаҳри Муз саройи ёнида 27 ёшли ўзбек йигити устига ер ўпирилиб тушиши оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда ҳуқуқ-тарғибот идорасидаги манбаларига асосланиб, «78.ru» нашри хабар берди.
Маълум қилинишча, 11 октябрь, якшанба куни соат 11:20 атрофида Державин хиёбони 65-уй яқинидаги Муз саройи жойлашган ерга канализация қувурларини ётқизиш ишлари олиб борилаётган вақтда хандақда бўлган 27 ёшли Ўзбекистон фуқаросининг устига ер ўпирилиб тушган. Йигит воқеа жойида ҳалок бўлган.
Қайд этилишича, марҳум вақтинча Москва шаҳрида рўйхатдан ўтган. Воқеа жойига етиб келган полиция ходимлари марҳум ишлаган компаниянинг махсус жиҳозлари ва ҳужжатларини олиб қўйган. Ҳолат юзасидан текширув ишлари амалга оширилади.
Бундан аввал Таиландда 22 ёшли ўзбекистонлик шаршарадан пастга қулаб вафот этгани ва Москвада ўзбекистонлик эркак ажрашишга ариза бергани учун хотинини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Санкт-Петербургда 13 ёшли қизни машинада зўрламоқчи бўлган ўзбекистонлик ҳайдовчи қўлга олингани маълум қилинганди.