Ўзбекистонда электр таъминотидаги чеклаш оқибатида тадбиркорлик субъектларига қанча зарар етказилгани аниқланди

Ўзбекистонда 2020 йилда истеъмолчиларга электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир етказиб беришда қатор муаммолар аниқланган. Бу ҳақда Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисда айтиб ўтилган.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Таъкидланишича, электр таъминотини огоҳлантирмасдан чеклаш оқибатида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 1 миллиард 620 миллион сўмга тенг моддий зарар етказилган. Энергия етказиб бериш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича электр энергияси истеъмолини чеклашда белгиланган талабларга амал қилинмаган.

Қайд этилишича, электр энергетика соҳасига сўнгги уч йилда умумий қиймати 26 триллион 214 миллиард сўм инвестиция киритилган. Аммо жойларда мазкур соҳага оид кўплаб муаммолар юзага келган. Яъни Андижон вилоятида жорий йилда электр узатиш тармоқларини реконструкция қилиш ва янги қуриш ишлари бўйича режанинг 38,7 фоизи бажарилмаган. Шунингдек, трансформатор пунктлари бўйича режанинг 29,9 фоизи, энг кўп Наманган вилоятида –13,7 фоизга бажарилмаган.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Шунингдек, истеъмолчиларнинг қарздорлик суммасининг ўсиб бориш кўрсаткичи сақланиб қолган. Хусусан, истеъмолчилар томонидан фойдаланилган электр энергияси учун мавжуд дебитор қарздорлик 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 2 триллион 290 миллиард сўм, 2019 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 2 триллион 40 миллиард сўм, 2020 йилнинг ноябрь ҳолатига кўра 2 триллион 400 миллиард сўмни ташкил қилган.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Мажлисда истеъмолчиларга табиий ва суюлтирилган газ етказиб беришда истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлаб бера олмаслик ҳолатлари ҳақида гапирилган. «Ўзтрансгаз» корхонаси томонидан 2018–2019 йиллар давомида улгуржи истеъмолчиларга табиий газ етказиб беришда тўловларни ҳисоблашда 200 миллиард сўмдан зиёд миқдорда асоссиз ҳақ олинганлиги аниқланган.

Қолаверса, аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича хизматлар амалга оширилмасдан, истеъмолчилар ҳисобидан хақ олинган. Хусусан, Сирдарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларида жами 360 мингдан ортиқ ҳолатда газ баллонларини аҳоли хонадонига ўрнатиб бериш хизмати кўрсатилмаган, бироқ истеъмолчилардан 1 миллиард 230 миллион сўм миқдорида хақ олинган.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Истеъмолчи учун маиший газ баллонига суюлтирилган газ тўлдириб беришнинг белгиланган бир ойлик муддатига амал қилинмаган. Жумладан, Андижон, Наманган, Фарғона, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида суюлтирилган газ таъминотини етказиб бериш амалда 50–60 кунни, айрим ҳолларда 90 кунни ташкил қилади.

Истеъмолчи учун маиший газ баллонига суюлтирилган газ тўлдириб беришнинг белгиланган бир ойлик муддати амалда 50-60 кунни, айрим ҳолларда 90 кунни ташкил қилади. Бундай ҳолат Андижон, Наманган, Фарғона, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида юзага келган.

Аввалроқ Оҳангаронда 3500 дан ортиқ хонадоннинг бир ойлик истеъмол газини ўғирлаган корхона аниқлангани ва Сурхондарёда олтита туманни электр энергия билан таъминлайдиган ГЭС ишга туширилиши ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар