Эронда мухолифатчи нашр муҳаррири осиб ўлдирилди

Эроннинг мухолифатчи «AmadNews» портали муҳаррири Руҳолла Зам 2017 йилги ҳукуматга қарши намойишлар пайтида «зўравонликни қўзғаганлиги» учун ўлимга маҳкум этилган эди. 12 декабрь, шанба куни янгиликлар портали раҳбарини қатл этиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Mehr News».

Фото: «Associsted Press»

Хабарда айтилишича, Зам июнь ойи охирида 2017 йилги ҳукуматга қарши намойишлар пайтида «зўравонликни қўзғаганлиги» учун ўлимга маҳкум этилган эди. Руҳолла Зам Эрон расмийлари ҳақида айблов материалларини нашр этган ва 2017 йилдаги намойишлар вақти ҳақида хабар берган машҳур Telegram каналининг эгаси бўлган.

Шунингдек, Зам Парижда муҳожирликда яшаб, у ерда ишлаган, аммо 2019 йилнинг октябрида Эронга қайтганида ҳибсга олинган. У «мамлакат ички ва ташқи хавфсизлигига қарши ҳаракатлар», сохта янгиликларни тарқатиш ва 2016 йилдан бери Эроннинг «иқтисодий тизимини йўқ қилишда» ёрдам бериш, шунингдек, Франция, АҚШ ва Исроил разведка хизматлари учун жосусликда айбланган. Кейинчалик журналист телевидение орқали олиб борган фаолияти учун узр сўраган эди.

Аввалроқ Эронда АҚШга жосуслик қилиб, Сулаймоний ҳақида маълумот бериб турган шахс қатл этилгани ҳақида маълумот берилган эди. Таржимон Маҳмуд Мусавий-Мажид Эронда АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси ва «Моссад» разведкаси фойдасига жосуслик қилиш иши бўйича айбланган. Бундан ташқари, Эронда иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш доирасида икки киши иқтисодий қонунбузарликлар учун қатл этилган.

Шунингдек, Қўшма Штатлар 1999 йилда шериклари билан икки кишини ўлдирган 40 ёшли Брендон Бернардга қарши ўлим жазосини қўллаган эди. У Қўшма Штатларда 70 йил ичида ўлимга ҳукм қилинган энг ёш маҳкум бўлган.