Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми якунланди
Ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми 13 август, пайшанба куни якунланди.
Маълум қилинишича, анжуманнинг учинчи ялпи мажлисида ёшлар учун инсон ҳуқуқлари бўйича таълим масалалари муҳокама қилинди. Мазкур сессияга БМТ Аҳолишунослик фондининг (ЮНФПА) Ўзбекистондаги вакили ва Тожикистондаги ваколатхонаси раҳбари Йу Йу билан Тошкент давлат юридик университети ректори Раҳим Ҳакимов модераторлик қилди.
Иштирокчилар ёшларга инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш бўйича халқаро тажрибани таҳлил қилдилар. Мунозаралар асносида дунё ёшларининг инсон ҳуқуқлари борасидаги саводхонлигини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Тўртинчи ялпи мажлис «Тинчлик ва хавфсизликни илгари суришда ёшларнинг роли: 2030 йилгача янада хавфсизроқ келажакка назар» деган мавзу муҳокамасига бағишланди. ЕХҲТнинг Ёшлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Анастасия Фуско билан Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев модераторлигида ўтган ушбу сессияда хавфсизлик ва ҳамкорлик масалаларига ҳар томонлама ёндашувни мустаҳкамлашда ёшларнинг ўрни ҳамда аҳамиятини ёритиш масалалари кўриб чиқилди.
«Форумда таъкидланганидек, БМТ доирасида ва ундан ташқарида ёшлар масаласи тез-тез муҳокама марказига қўйилмоқда. Аммо глобал ривожланиш даврида олдинга қараб бир неча қадам, натижали қадамлар қўйиш зарурати мавжуд. Шу нуқтаи назардан, иштирокчиларнинг баҳолашича, Самарқанд веб-форуми ер юзидаги ёшларнинг ҳаётини яхшилаш учун глобал ҳамкорликнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлашга қаратилгани билан ғоятда аҳамиятлидир», — дейилади Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, ушбу халқаро ҳужжатнинг мақсади дунё бўйича ёшларнинг эҳтиёжларини қондириш, ёшларнинг энг мақбул қизиқишлари, эркинликлари ва ҳуқуқлари кафолати ҳамда салоҳиятини мустаҳкамлаш учун халқаро, минтақавий ва миллий даражадаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришдан иборат эканлиги таъкидланди.
Форумда Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Ришард Коменда, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси элчи Жон МакГрегор, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бўйича бошқармасининг минтақавий вакили Ашита Миттал ва бошқаларнинг чиқишлари тингланди.
Шундан сўнг «Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари» номли Самарқанд резолюцияси қабул қилинди.
Халқаро анжуман ниҳоясида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга тадбир иштирокчилари ва жаҳон ёшларига йўллаган тилаклари учун миннатдорчилик билдирилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда инсон ҳуқуқлари бўйича веб-форум ўтказилиши маълум қилинган эди.
Кейинчалик Шавкат Мирзиёев Самарқанд веб-форуми иштирокчиларига табрик йўллади.