Тошкентда банкдан қарздорлиги бўлган шахсга тегишли «Spark» аукционда 52,5 млн сўмга сотилди

Тошкент шаҳри Яккасарой туманида «Spark» автомашинаси сотилиб, 52 миллион сўмдан ортиқ маблағ «Ipotekabank»ка ундириб берилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси «Tez News»га хабар берди.

Маълум қилинишича, Мажбурий ижро бюросининг Яккасарой туман бўлими иш юритувида бўлган фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судининг 2020 йил 17 февралдаги №2-1005-2004/880-сонли ижро варақасига асосан, қарздор «Universal Max Trade» масъулияти чекланган жамиятдан ундирувчи «Ipotekabank» фойдасига 1 миллиард 630 миллион 527 минг 869 сўм кредит қарздорлиги ундириш ва ундирувни гаровдаги мол-мулкларга қаратиш ҳақидаги ижро ҳужжати мавжуд. Мазкур ижро ҳужжати юзасидан қўзғатиш қарори қабул қилиниб, томонларга юборилган, дейилади хабарда.

Шунингдек, қарздор «Universal Max Trade» МЧЖга суд қарори ижросини бажаришлик учун 15 кунлик ихтиёрий муддат берилган. Бироқ қарздор қонун талабларини бажармай, ихтиёрий муддатда банк олдидаги катта миқдордаги кредит қарздорлигини қопламаган.

Сўнгра МИБнинг Яккасарой туман бўлими томонидан олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздорга тегишли бўлган бошланғич баҳоси 50 миллион сўмлик «Spark» русумли автотранспорт воситаси 6 июл куни хатланган. Шу куни электрон онлайн аукционга чиқарилган. Савдо натижаларига кўра, ушбу автотранспорт воситаси 52 500 000 сўмга сотилган.

Қайд этилишича, сотувдан тушган пул маблағлари ундирувчи «Ipotekabank»нинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилган.

Aввалроқ Тошкентда фуқаро фойдасига 43 миллион сўмдан ортиқ моддий зарар ундириб берилгани ҳақида хабар берилган эди.

Кейинчалик Хивада тадбиркор фойдасига салкам 275 миллион сўм маблағ ундириб берилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар