Тошкент вилоятидаги болалар боғчасида тарбиянувчилар заҳарланди
Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 25 нафар тарбиянувчилар заҳарланди. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Маълум қилинишича, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институти мутахассислари томонидан консилиум ўтказилиб касалхонага ётқизилган тарбияланувчиларга клиник кўринишларига кўра «Ботулизм-?» ташхисига гумон қилинган.
Шунингдек, 2 августдан 11 августгача интоксикация синдромининг клиник кўринишлари бўлган тарбияланувчилар Тошкент Педиатрия Тиббиёт Институти клиникаси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Тошкент 1-шаҳар юқумли касалликлар клиник шифохонаси, Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Оққўрғон тумани юқумли касалликлар шифохонасига жоялаштирилди.
Таъкидланишича, 12 август ҳолатига кўра, 6 нафар тарбияланувчи оғир ҳолатда жонлантириш бўлимида даволанмоқда, шундан 1 нафар тарбияланувчи ўпканинг сунъий нафас бериш мосламасига уланган бўлиб, ҳолати ўта оғир ҳолатда қолмоқда.
Қайд этилишича, қолган 19 нафар тарбияланувчиларнинг ҳолати ўртача оғир деб баҳоланган. Касалхонага ётқизилган тарбияланувчилардан бактериологик текширув ўтказиш учун таҳлиллар олинган ва лабораторияга юборилган.
Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда келтирилган хабарга кўра ушбу мактабгача таълим ташкилотида 1 нафар тарбияланувчининг озиқ-овқат заҳарланишидан вафот этганлиги келтирилган. Аммо, Мактабгача таълим вазирлиги ушбу хабарни асоссиз эканлигини таъкидлади
«Тарбияланувчи Бахтиёрова Маржона Дониёр қизи 2021 йил 2 августгдан 7 августга қадар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент вилояти филиали шифокорлари томонидан «Шифохонадан ташқари икки томонлама ўчоқли пневмония. Асоратлари: Юрак қон-томир етишмовчилиги. Мия шиши.» ташхиси қўйилиб даволаш ишлари олиб борилган, шифокорларнинг ҳаракатларига қарамай пневмония касаллиги асоратларига кўра юрак қон-томир етишмовчилиги туфайли 7 август куни биологик ўлим қайд этилган», — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, даволаниш давомида 21 нафар тарбияланувчиларнинг саломатлиги ҳолатида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.