Андижондаги таълим муассасаларига 156 та «ақлли» иситиш технологияси келтирилади
Андижон вилоятидаги таълим муассасаларига 156 та «ақлли» иситиш технологияси келтирилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳамда бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев иштирокида мактабгача таълим ташкилоти ва умумтаълим мактабларини иситиш тизимини кучайтириш бўйича Бўстон туманида ўқув-семинар ўтказилди.
Республика бўйича мактабгача таълим ташкилоти ва умумтаълим мактабларини иситишда янги тизимни Андижон намунаси сифатида амалга ошириш режалаштирилди.
Дастлаб вилоят бўйича 156 та «ақлли», экологик хавфсиз, тежамкор ҳамда юқори ҳажмда ишлаш имкониятига эга замонавий иситиш технологияси келтирилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги мактабларда янги ўқув йилини 14 сентябрдан бошлаш таклиф этилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик COVID-19 пандемияси даврида мактабларга қўйиладиган санитария талаблари маълум қилинди. Сўнгра Ўзбекистонда янги ўқув йили олдидан мактабларга салкам 10 минг нафар тиббиёт ходими жалб қилинганди.