Коронавирус «daily» — пандемия бўйича 13 октябрнинг асосий хабарлари
«Worldometers» берган маълумотларга кўра, дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 38 миллиондан ошди.
«Worldometers»нинг 13 октябрь, сешанба куни Тошкент вақти билан соат 22:30 даги маълумотларига кўра:
- дунё бўйича инфекция билан касалланганлар — 38 243 553 киши;
- касалликдан тузалганлар — 28 739 127 киши;
- инфекция оқибатида вафот этганлар — 1 088 221 кишини ташкил этади.
Шунингдек, 12 октябрь куни ССВ Зангиотадаги шифохонада электр тармоғида узилиш оқибатида COVID-19 касаллигига чалинган кўплаб беморлар вафот этганини рад этгани ҳақида хабар берилди.
Ўзбекистондаги вазият
Ўзбекистонда 13 октябрь соат 23:30 ҳолатига кўра коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 61 738 тани ташкил этмоқда.
Мамлакатда 13 октябрь куни 313 ҳолатда касаллик қайд этилган бўлиб, барчаси тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Кунлик касалланиш ҳолатларининг 144 таси Тошкент шаҳрида, 89 таси Тошкент вилоятида, 14 таси Наманган вилоятида, 13 таси Сирдарё вилоятида, 10 таси Андижон вилоятида, 10 таси Жиззах вилоятида, 10 таси Қашқадарё вилоятида, 9 таси Қорақалпоғистонда, 8 таси Самарқанд вилоятида, 8 таси Сурхондарё вилоятида ҳамда 4 таси Навоий вилоятида қайд этилган.
Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 511 нафарга етган. 13 октябрь куни 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этган.
Кун давомида Тошкент шаҳрида 162 нафар, Тошкент вилоятида 81 нафар, Наманган вилоятида 13 нафар, Андижон вилоятида 13 нафар, Қашқадарё вилоятида 12 нафар, Сирдарё вилоятида 10 нафар, Жиззах вилоятида 9 нафар, Қорақалпоғистонда 9 нафар, Самарқанд вилоятида 13 нафар, Сурхондарё вилоятида 7 нафар, Навоий вилоятида 7 нафар, 336 жами нафар бемор соғайган.
Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 61 738 нафар бемордан 58 763 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2464 нафар бемордан 319 нафари оғир, 106 нафари эса ўта оғир аҳволда.
Аввалроқ Ўзбекистонда 12 октябрь куни 321 кишида коронавирус аниқлангани ва 4 нафар бемор вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.
Жаҳондаги вазият
АҚШда COVID-19 пандемияси даврида умумий ҳисобда 8 052 784 кишида вирус қайд этилган. Мамлакат бу кўрсаткич бўйича дунёда ҳали ҳам биринчи ўринда. Ундан кейинги ўринларда Ҳиндистон (7,2 миллион киши), Бразилия (,15 миллион киши), Россия (1,3 миллион киши), Колумбия (925 минг киши) бормоқда. Дунё бўйича эса коронавирус билан 37,6 миллиондан ортиқ киши касалланган.
Қозоғистонда 13 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 108 901 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда биринчи бўлиб турибди. Беморларнинг 104 203 нафари тўлиқ соғайган, 1746 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 70 та янги касалланиш ҳолати аниқланган.
Шунингдек, мамлакатда пневмония касаллиги қайд этилган беморлар сони 34 913 нафарга етган. Ушбу касалликка чалинган беморларнинг 27 709 нафари тузалган, 370 нафари вафот этган.
Қирғизистонда 13 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, 49 871 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 44 712 нафари соғайиб, 1092 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 4067 киши коронавирусдан даволанмоқда. Сўнгги сутка давомида ушбу касалликка чалинган 190 бемор соғайган.
Тожикистонда 13 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 10 297 тани ташкил қилмоқда. Беморларнинг 9177 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 79 нафари вафот этган. Маълумотларга кўра, ўтган сутка давомида мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 37 тага кўпайган.
Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Айни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган.
Россияда 13 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 1 326 178 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилиядан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 1 031 785 нафари соғайган, 22 966 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 13 868 та янги касалланиш ҳолати аниқланган ҳамда 244 та ўлим ҳолати қайд этилган.
Аввалроқ дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 38 миллионга яқинлашгани ҳақида хабар берилган эди.