«Биз шундоқ ҳам биламиз: сизлар ‘зўр’сизлар!» Кушербаев Aндижон ҳокимига тегишли аудиога муносабат билдирди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Aндижон вилояти ҳокими Шуҳрат Aбдураҳмонов уч аёлни 15 суткага қаматгани ҳақидаги аудиога муносабат билдирди.

Фото: «Kun.uz»

«Бир шахсда ваколатларнинг ҳаддан ортиқ кўп бўлиши атрофдагиларга қимматга тушадиган хатоларга сабаб бўлади. Устига-устак, агар бундай ваколат эгаси тарбиядан йироқ, муомала маданияти йўқ, билими паст, иккиюзламачи бўлса, бу — чинакам фожиа.

Кўплаб амалдорларнинг қўпол муомаласи ва қонунларга ‘тупуриб қўйиб’, феодал замон каби кимни истаса, ўшани ‘15 суткага’ қаматиб юбориш принципи яқин тарихда пайдо бўлиб қолган бошқарув услуби эмас. Мен буни Ленин инқилобидаги ‘ҳокимият, бошқарувни деҳқон ва юпунларга бер’, деган сиёсатнинг оқибати, деб биламан.

Ўз даврида билим, одамлар билан ишлаш кўникмасига эга бўлмаган бир гуруҳ заиф одамларнинг бошқарувга келиши табиий равишда улар томонидан қўрқитиш, сўкиш, дўқ-пўписа қилиш орқали бошқариш ‘институти’га асос солинишига сабаб бўлган. Ва бу ‘институт’нинг усуллари бизда ҳали ҳам мева беришда давом этяпти.

Aндижон ҳокими масаласида эса ҳоким буни қачон айтгани муҳим эмас. Муҳими, у Ленин сабаб бошланган ‘бошқарув мактаби’нинг содиқ вориси бўлиб, вакиллик, суд органлари устидан амалда мутлақ ҳокимият ўрнатиб олган феодал замонига мос инсонлиги.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мажбурий меҳнат ва бошқаларга қарши курашиб, дунёга юз тутиб бораётган бир вақтда қанчалар хунук ва шармандали ҳолат: ҳеч бўлмаса, демократия ҳурмати учун ҳам ҳоким жаноблари Aндижоннинг ‘ҳокими мутлақ’ эканлигини билдириб, мақтанмаса бўларди-ку. Биз шундоқ ҳам биламиз: сизлар ‘зўр’сизлар!»

Расул Кушербаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ интернетда Aндижон вилояти ҳокими Шуҳрат Aбдураҳмонов марҳаматлик уч аёлни 15 суткага қаматгани ҳақида гапирган аудио тарқалганди. Кейинчалик вилоят ҳокимлиги аудиоёзув икки йил аввал ёзилганини маълум қилган.