Расул Кушербаев: «Бундан ортиқ лавозимда ишлашга интилиш ёки сиёсий ‘очко’ олиш мақсадим йўқ»
Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда ўзи ҳақида билдирилган фикрлар юзасидан муносабат билдирди.
Унда Расул Кушербаев имконияти етгунча, аввало, оддий фуқаро ва қолаверса, депутат сифатида фаолият юритмоқчи эканини таъкидлаган. Бундан ортиқ лавозимда ишлашга интилиш ёки сиёсий «очко» олиш мақсади йўқлигини ҳам айтиб ўтган.
«Айримларнинг сўнгги вақтларда интернет тармоқлари орқали билдираётган фикрлари билан танишиб қуйидагиларни маълум қилмоқчиман.
Мен имкониятим етгунча аввало оддий фуқаро ва қолаверса депутат сифатида фаолият юритмоқчиман. Бундан ортиқ лавозимда ишлашга интилиш ёки сиёсий ‘очко’ олиш мақсадим йўқ.
Юртдошларимизни ўйлантираётган масалаларнинг озгинасинигина кўтариб чиқиб, ҳал этишга интилаётганимни ортиқ даражада қаҳрамонлик қилиб таърифлаш хато. Мен, аввало, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ва ташаббуси орқали Ўзбекистонда бўлаётган ижобий ислоҳотлар имкониятидан фойдаланиб, депутат сифатида фаолият юритаётган шу юртнинг бир фарзандиман. Ва давлат раҳбарининг ислоҳотларини қўллаб-қувватлаб, унинг амалда тўла тўкис, халқ розилигини олиши йўлида амалга оширилиши тарафдориман», — деб ёзади депутат.
Бунга қўшимча сифатида депутат шахсига доир турли ортиқча таъриф ва бўрттиришлар қилиш ёки атайин буни «уюштириш» депутатлик фаолияти учун ножоиз иш эканлигини билдириб ўтган.
Маълумот учун, Расул Кушербаев Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисига «UzAutoMotors» АЖ томонидан «Рақобат тўғрисида»ги қонуни ва соҳани тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилишини ўрганиш бўйича депутатлик сўровини юборган. Унда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар таннархи шаклланиши ва нарх қўлланилиши асослилиги юзасидан олиб борилган ўрганишлар ва кўрилган чоралар ҳақида асослантирилган ахборот бериш ҳамда қўмитанинг автомобиллар нархини аҳолининг ҳарид қобилиятига мослаштириш юзасидан нуқтаи назарини баён этиш талаби қўйилган. Кейинроқ «UzAutoMotors» АЖ фаолиятида дастлабки қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Аввалроқ «UzAutoMotors» АЖга қарши қўзғатилган иш видеоконференцалоқа шаклида кўриб чиқилгани, Расул Кушербаев иш юзасидан компаниянинг бирорта вакили қатнашмаётганини «ғалати» деб топгани маълум қилинган эди.