Фоторепортаж: Қаршида биринчи IT-технопарк иш бошлади
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида ёшларни веб-дизайнерлик, робототехник ҳамда дастурчиликка ўргатадиган IT-технопарк очилди. Президент Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида мазкур технопарк фаолияти билан танишди, дея хабар бермоқда «Tez News» муҳбири Шоҳруҳ Ҳайдаров.
Қайд этилишича, мазкур технопаркда веб-дизайнерлар, дастурчилар ва робототехниклар ўз фаолиятини бошлаган ва 24 та иш ўрни яратилган. Ўқувчилар марказда 4 та йўналишдан бирини танлаб, бир йил давомида таҳсил олади.
«Технопаркимизда бир йиллик ўкиш системасида дарс берилади. Унда ёш чегараламаганмиз, катталар ҳам келиб ўрганиши мумкин, қизиқиши бўлса етарли. Бизда 4 та йўналиш бўлиб, улар анимация, графика моушн, IT, web, iOS дастурлаш тиллари ва архитектура. Ушбу йўналишлар бўйича тўлиқ дарслар ўргатиб борилади.
6 ой давомида ўқувчига назарий ва амалий билимлар бериб борилади. 7-ойдан бошлаб биз унга пул ишлаш йўлини ўргатамиз. Мисол учун, ўзининг контракт пулини тўлайдиган даражада маблағ топишига ёрдам берамиз. Бир йилни тамомлагандан сўнг биз унга сертификат берамиз ва имтиҳон ўтказамиз. Агар имтиҳондан яхши балл тўпласа, биз уни мана шу ерга 2 минг доллар маош билан ишга қабул қилиб оламиз. Мана шу тарафамиз билан бошқа IT-технопарклардан ажралиб турамиз», — дейди технопарк раҳбари Акобир Исмоилов.
Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида IT-технопаркда ҳам бўлган эди. Президент марказдаги ёш дастурчиларни муваффақият билан табриклаб, келгуси мақсадларини сўраган. Уларнинг лойиҳани янада ривожлантириш, янги дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш режаларини қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берган.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Қашқадарёда мелиорация, картошкачилик, узумчилик оғир аҳволдалиги, чорвачиликни, мева-сабзавотчиликни ривожлантириш учун қулай шароит борлиги, шу соҳаларда ресурсларни тежаш, фойдали иш коэффицентини ошириш учун инновацион лойиҳалар зарурлигини таъкидлаган. Хусусан, олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва IT-парклар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича топшириқлар берган.
Технопарк раҳбарининг айтишича, кам таъминланган, ўқиш учун имконияти бўлмаган, бироқ дастурлаш соҳасига қизиқадиган ёшлар учун текин ўқиш таклиф қилинади. Улар бир йил давомида бепул дарслар ва техникалардан фойдаланади.
«Биз ёшларни жалб этиш учун реклама бермоқчи бўлдик. Аксинча, ташқарида қўйилган IT-технопарк ёзувини кўриб ҳам 100 га яқин йигит-қизлар дастурлаш соҳасини ўрганишга қизиқиш билдириб келди. Уларда кизиқувчанлик, асосийси шуни ўрганиша хоҳиш бор. Уни сўндирмасак бўлди», — деди Акобир Исмоилов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу технопаркда ўрганувчи қашқадарёлик талабаларга яратган мобиль иловаси учун 500 миллион сўм берилгани, Президент уларнинг ҳар бирига 5000 доллардан маблағ беришини айтгани ҳақида хабар берилганди.
Аввалроқ Фарғона шаҳрида «Ёшлар юридик клиникаси» фаолиятини бошлагани ҳамда Наманганда Жанубий Корея билан ҳамкорликда «IT school» очилиши ҳақида хабар берилганди.