Жиззахда лойиҳа қиймати 5,5 млрд сўм бўлган «IT-Park» филиали очилди (фото)

Жиззах вилоятида 11 ноябрь куни «IT-Park» минтақавий филиалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда маросимда иштирок этган «Tez News» мухбири Ирода Жўраева хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълумотларга кўра, мазкур «IT-Park» режалаштирилган 14 та филиалнинг тўртинчиси бўлиб, улардан учтаси Гулистон, Марғилон ва Aндижонда очилган.

Фото: «Tez News»

Маросимида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев, ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири ўринбосари Баҳром Олматов, Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабҳат ва «IT-Park» директор ўринбосари Баҳодир Aюповлар иштирок этди.

Фото: «Tez News»

Жиззахдаги «IT-Park» филиали Шароф Рашидов кўчаси 63 уй яъни Жиззах вилояти ҳокимлиги олти қаватли биносининг иккинчи қаватида жойлашган.

Фото: «Tez News»

Филиал 24/7 режимда фаолият юритиб, у ерда чет эллик шериклар ва турли компаниялар билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилади. Бундан ташқари, «IT-Park» Жиззах ҳудудида IТ-марказ очилди, бу ҳар кимга IТ соҳасидаги энг долзарб қуйидаги фанлар ва касбларни ўрганиш имкониятини яратиб беради: компьютер саводхонлиги, дастурлаш, WЕB дизайн, график дизайн, мобил робототехника, киберспорт турлари, IТ-инглиз тили ва бошқалар.

Фото: «Tez News»

«‘IT-Park’нинг Жиззах филиалига ўқув хоналари ва киберспорт синфлари учун 43 та компьютер тўплами берилди, 43 ўқувчига мўлжалланган 3 та замонавий ўқув хонаси яратилди. Бу ерда йил давомида 500 га яқин талаба таълим олиши мумкин.

Жиззахда ‘IT-Park’ни ташкил қилиш — катта ва муҳим масала. Энди Жиззах заминида ахборот технологиялари каби муҳим соҳада истеъдодларни ривожлантирувчи муассаса бор. ‘IT-Park’нинг Жиззахда қулай ва самарали ишлаши учун барча шароитлар мавжуд: юқори тезликдаги интернет, 46 ўринли конференция зали, кутубхона, коворкинг маркази, стартап хоналари, робототехника лабораторияси, медиамарказ, киберспорт ва инновацион машғулотлар», — дейди вилоят ҳокими Эргаш Солиев.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, Жиззахдаги технопаркнинг филиали лойиҳасини амалга оширишни «IT-Park» маслаҳатчиси Жараям Партасарти назорат қилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 5,5 миллиард сўмни ташкил этади.

Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2019 йил 24 июлда мамлакатдаги стартаплар экотизимини такомиллаштириш мақсадида Тошкентда «IT-Park» очилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги «IT-Park» қурилишини кўздан кечирди. Шунингдек, Дастурлаш соҳасидаги танловлар эълон қилиб бориладиган «Ўзбекистоннинг IT-истеъдодлари» портали ишга тушиши маълум қилинган.

Янгиликлар