Қашқадарёлик талабаларга яратган мобиль иловаси учун 500 млн сўм берилди
Қашқадарёлик талабалар энг яхши давлат мобиль иловасини ишлаб чиқиш бўйича Ўзбекистон олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган «mGovAward» танловида 50 минг доллар мукофот пулини қўлга киритди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров хабар берди.
Таъкидланишича, Қарши шаҳрида қурилган «IT Техnо Park»да веб-дизайнерлар, дастурчилар ва робототехниклар ўз фаолиятини бошлаган. Унда «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида ўқув курслари ташкил этилгани натижасида ахборот технологияларига қизиқувчи ёшларга имконият яратилган ва илк натижалар ҳам қўлга киритилган.
Хусусан, Тошкент халқаро Вестминстер университети талабаси ва «Global education» ўқув маркази раҳбари Сардор Содиқов Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари томонидан ўтказилган танловда жамоа билан қатнашиб, биринчи ўринни қўлга киритган ва 50 минг долларга эга бўлган.
«Пандемия даврида ўқув марказлар ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлиб қолган бир пайтда марказимиз ходимлари билан шижоатни туширмасдан, унинг қошида видеостудия очдик. Студияда инглиз тили дарсларимизни тасвирга олиш ишларини бошладик. Уларни қандай қилиб ҳалққа етказиш ҳақида ўйлаганимизда IT соҳасидаги мобил илова бизга ечим сифатида яхши кўринган ва бунинг учун алоҳида жамоа шакллантирдик.
‘Roboteach’ дея номланган мобиль иловамизнинг қулайлиги, масалан, сиз бугун ишдасиз, эртага ҳам шундай бўлади. Репититорга боришга кундузи вақтингиз йўқ, лекин уйда иловани очиб туриб, кечқурун бир соат видеодарслик кўриб, тестларни кўриб, инглиз тилидаги билимингизни оширингиз мумкин. Бу орқали курс учун сарфлаётган йўл харажатингиз ҳам тежалади. Қачон бўш вақтингиз бўлганда, бемалол фойдаланаверасиз», — деди Сардор Содиқов.
Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни Қашқадарё вилоятига ташрифида мазкур лойиҳа билан танишган. Ёш дастурчиларни муваффақият билан табриклаб, келгуси мақсадларини сўраган ва уларга лойиҳани янада ривожлантириш, янги дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш режаларини қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берган.
«Давлатимиз раҳбари Қарши шаҳридаги ИТ-технопарк фаолиятини кўздан кечириб, лойиҳаларимиз билан ҳам танишди. Дасиурий илова ҳақида маълумот бердик. Жуда маъқул бўлди, ташаббусларимиз ва янги ғояларимизни қўллаб-қувватлашини билдирди. Биз яратган мобиль иловаларни такомиллаштириш учун жамоамизнинг ҳар бир аъзосига, яъни 5 кишига 5 минг доллардан мукофоти пули берилишини айтганида хурсанд бўлдик. Шунингдек, ўзбек тилини чет элликлар ўртасида тарғиб қилиш, ўргатиш учун мобиль илова яратиш бўйича таклиф берди. Бунинг учун нима зарур бўлса, берамиз, деди. Бу таклифдан руҳландик ва бу қўлимиздан келади, албатта», — деди лойиҳа яратувчиси.
Сардор Содиқовнинг сўзларига кўра, айни пайтда ушбу мобиль илова Android тизимида ишга тушган. Яқин орада iOS тизими учун ҳам яратилади. Иловада бошланғич дарслар бепул. Сўнгра ҳар битта дарс учун 1000 сўмдан тўлов қилинади. Унда шунингдек, тестлар, YouTube платформасидан инглиз тилидаги видеоконтент жойлаштирилган. Таъкидланишича, шу пайтга қадар иловани 5 мингга яқин фойдаланувчи юклаб олган. Ундаги 40 дан ортиқ видеодарсликлар мажмуаси марказ ўқитувчилари томонидан ишлаб чиқилган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги IT-парк қурилишини кўздан кечирган. Шунингдек, дастурлаш соҳасидаги танловлар эълон қилиб бориладиган «Ўзбекистоннинг IT-истеъдодлари» портали ишга тушиши маълум қилинган.