Комил Алламжонов хусусий телеканалларда хорижий сериалларни камайтириш ҳақидаги баҳсларга муносабат билдирди

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси 2020 йил октябрь ойи охирида хориж сериаллари намойишини хусусий телеканалларда камайтиришни таклиф қилган эди. Ушбу таклиф жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Шу муносабат билан Алламжонов ўзининг Telegram каналида фикрларини изоҳлади.

Фото: «UzReport.news»

Унинг фикрига кўра, миллий сериалларнинг намойиши телевидение бозоридаги рақобат орқали уларнинг ривожланишига ҳисса қўшади.

«Хусусий телеканаллардаги хорижий сериаллар аҳволини тартибга солиш зарур, деган фикрим анча баҳсларга сабаб бўлди. Бу фикр тарафдорлари ҳам, унга қаршилар ҳам анчагина бўлди. Кимлардир бизнинг сериаллар сифатсиз деса, яна кимлардир уни бачкана ёки фақат бир хил мавзулар ёритилади, деб танқид қилди. Бу гапларда жон бор, албатта. Лекин хусусий телеканаллар миллий сериалларга буюртмани кўпайтирса, рақобатнинг ўзи, яъни бозор сериаллар сифатини оширади», — дея ёзилади кенгаш раиси муносабатида.

Шунингдек, Алламжонов телеканалларда чет эл сериаллари намойиш этишда давом этса, миллий сериалларнинг сифати ўзгармаслигини таъкидлаган.

«Бизнинг сериаллар яхши эмас деб, фақат хорижникини эфирга тиқиштирсак, икки дунёда ҳам маҳаллий сериалларимиз сифати яхшиланмайди. Аввалига балки жуда зўр фильмлар бўлмас, лекин секин-секин зўри ҳам пайдо бўлади. ‘Бир кам дунё’, ‘Кўнгил кўчалари’, ‘Шайтанат’, ‘Домла’, ‘Чархпалак’ каби ўзимизнинг сериалларни ётволиб кўрар эдик. Зўр эди-ку», — дейди Комил Алламжонов.

Бундан ташқари, кенгаш раиси маҳаллий сериаллар ижодкорлар иш ўринлари яратиши ва қўшимча даромад топишига имкон беришини ҳам таъкидлаган.

«Мен медиа билан боғлиқ инсон сифатида ушбу соҳа ҳақида қайғуряпман, бошқа соҳаларда ҳам қийналганлар бор, лекин уларга жавобгарлар бошқалар», — дея фикрларини изоҳлайди Алламжонов.

Аввалроқ Комил Алламжонов «Мендирман Жалолиддин» сериали юзасидан «Ўзбеккино» атрофида бўлаётган жанжалларга муносабат билдириб, ижодкорларниг «емаган сомсасига пул тўлаётганини» айтгани ҳақида хабар қилинган эди.