Комил Алламжонов «Мендирман Жалолиддин» сериали ижодкорлари «емаган сомсасига пул тўлаётганини» айтди

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов «Ўзбеккино» атрофида бўлаётган жанжалларга муносабат билдирди.

Фото: «UzReport.news»

«Ўзбеккино миллий агентлиги атрофида бўлаётган жанжаллар, можароларга тезроқ барҳам бериш керак. Матбуот таниқли ва истеъдодли режиссёрларимиз фарёдидан тинмаяпти. Гўёки улар дод соляпти-ку, лекин уларни ҳеч ким эшитмаётгандек», — деб ёзади Алламжонов.

Унинг ёзишича, «Мендирман Жалолиддин» сериалига «Ўзбеккино» ҳам, давлат бюджети маблағлари ҳам алоқадор эмас.

«Уларнинг ўзаро тушунмовчиликлари туфайли қандайдир жиноий ишлар очилган ва бунга умуман алоқаси йўқ бизнинг ‘Мендирман Жалолиддин’ лойиҳамиз ҳам қўшилиб қолди. Тушунишимча, аввал  Ўзбеккино бу фильмни суратга олмоқчи бўлган ва маҳаллий компанияга буюртма берган,  лекин улар эплай олмаганми, келиша олмаганми билмадим, факт — лойиҳа бажарилмади. Мен кечаги Ўзбеккино ва Бош прокуратура хабарларидан шуни тушундим», — дейилади муносабатда.

Бунга қўшимча Комил Алламжонов «Мендирман Жалолиддин» лойиҳаси давлат бюджетидан бир сўм ҳам ишлатилмай, аксинча ҳомийлар ҳисобидан амалга оширилганини, унда энг профессионаллар ишлаганини таъкидлаб ўтган. Аммо бунинг эвазига лойиҳани амалга оширганлар «емаган сомсасига пул тўлаётганини» айтган. Бундай ҳолатдан кейин ижодкорлар яхши лойиҳага қўл ургиси келмай қолишини таъкидлаб, одамлар юқори сифатли тарихий кино, сериаллар йўқлигидан нолишини, аммо кимдир ишлайман деса «тошбўрон»га учрашини билдирган.

Аввалроқ Бош прокуратура «Менман, Жалолиддин» фильми юзасидан очилган жиноят иши ҳақида маълумот берган эди.

Янгиликлар