Бош прокуратура «Менман, Жалолиддин» фильми юзасидан очилган жиноят иши ҳақида маълумот берди

Бош прокуратура томонидан «Ўзбеккино» Миллий агентлиги мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дея маълум қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, агентликка нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Бунга Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти мутахассислари томонидан «Ўзбеккино» агентлигида ўтказилган текширув ҳужжатлари асос бўлган. Тергов жараёнида «Ўзбеккино» Миллий агентлигининг фаолиятига тегишли ҳужжатлар олиниб, молиявий-хўжалик фаолияти юзасидан тафтиш тайинланган.

Аниқланишича, 2018 йил 22 июнда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ҳамда «Best organaizer» МЧЖ ўртасида «Менман, Жалолиддин» номли фильм яратиш ҳақида дастлабки шартнома тузилиб, шартномага мувофиқ олдиндан аванс сифатида 533 миллион сўм маблағ тўлаб берилган. Лекин ушбу фильмни суратга олиш ишлари «Мендирман, Жалолиддин» номи билан Туркиядаги ҳамкорлар билан олиб борилганлиги, уни ишлаб чиқариш ҳаражатлари бюджетдан эмас, балки бошқа ҳомийлар томонидан молиялаштирилганлиги сабабли «Ўзбеккино» Миллий агентлигидан ажратилган маблағлар фильмни ишлаб чиқариш учун сарфланмаган ва бугунги кунда бюджетга қайтарилган.

«Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, тергов ҳаракатлари давомида 2020 йил 3 октябрь куни тақдимот маросими бўлиб ўтган ‘Мендирман, Жалолиддин’ фильмига тегишли ҳужжатлар олинмаган ҳамда ушбу фильмни ишлаб чиқарган шахсларни жиноят ишига ҳеч қандай алоқадорлиги йўқ», дейилади хабарда.

Аввалроқ Паркент ҳокимининг ўғлидан «Captiva» сотиб олишида коррупцияга йўл қўйгани аниқлангани, Бухорода 45 миллион сўм эвазига ИИОга ишга киритиб қўймоқчи бўлган эркак ушлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар