Хоразм ва Қорақалпоғистонни боғлаш учун кўприк қурилади

Хоразм ва Қорақалпоғистонни боғлаш учун 413 метрлик кўприк қурилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти фаоллари билан ўтган йиғилишда топшириқ берди, деб хабар қилди Президент матбуот хизмати.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, Хоразм учун драйвер соҳалардан бири — туризм. Шу боис вилоятда меҳмонхона ўринларини кўпайтириш, салоҳиятли мамлакатлардан Урганчга доимий ва чартер рейслар ташкил этиш зарурлиги таъкидланган. Ички туризмни ривожлантириш учун транспорт хизматларини яхшилаш, хусусан, Фарғона водийсидан авиа ва темир йўл қатновини йўлга қўйиб, бунинг дастлабки даврида 30 фоизлик чегирма қўллаш бўйича кўрсатма берилган. Кейинчалик бу тажриба Термиз, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари бўйича ҳам қўлланилади.

Амударё устида Хоразмни Қорақалпоғистон билан боғлайдиган 413 метрлик кўприк, Қораўзак туманидан Шовот туманигача 79 километрлик темир йўл қурилиши айтилган. Келгуси уч йилда 2 минг 370 километр ички йўлларни таъмирлаш вазифаси қўйилган.

Эслатиб ўтамиз Шавкат Мирзиёев ЕОИИ саммитида иштирок этади. Шунингдек, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақомини олган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига жўнаб кетгани ҳақида маълум қилинган эди. Кейинчалик Шавкат Мирзиёев раҳбарларни тизимли ишлашга чақиргани ҳақида хабар берилган.