Ўзбекистонда «суюнчи пули» миқдори ўзгаргани маълум қилинди

Халқ тилида «суюнчи пули» деб аталадиган бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа ҳар бир фарзанд учун алоҳида тўланади.

Пенсия жамғармасининг маълум қилишича, бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа суммаси — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 70,3 фоизига тенг.

«2023 йил 1 декабрдан бу миқдор 738 150 сўмни ташкил этади», —дея хабар берди жамғарма.

Жорий ой бошигача «суюнчи пули» миқдори 688 940 сўмни ташкил этганди.

Эслатиб ўтамиз, президент фармони билан 2023 йил йил 1 декабрдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 980 000 сўмдан 1 050 000 сўмга оширилди.

Маълумот учун, ҳозирда бола туғилганда талаб этиладиган барча маълумотлар туғруқхона томонидан автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилади.

Пенсия жамғармаси тиббиёт муассасаси ва ФҲДЁ ахборот тизимларидан электрон шаклда олинган маълумотлар асосида «суюнчи пули»ни автоматик тайинлайди.

Фуқаролар янги туғилган фарзандлари учун «суюнчи нафақаси»ни Халқ банки филиалларидан бирига борган ҳолда ёки “хазна” иловаси орқали олишлари мумкин.

Янгиликлар