Норвегияда «Pfizer» вакцинаси билан эмланганидан сўнг 23 киши вафот этди

Норвегияда Aмериканинг «Pfizer» компанияси ва Германиянинг «BioNTech» стартапига тегишли вакциналарни қабул қилган 23 нафар чол-кампир вафот этди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Маълумотларга кўра, ўлим ҳолатларининг ҳаммаси иммунитети заифлашган 80 ёшдан ошган кекса кишилар орасида қайд этилган.

«Ушбу ҳолатлар унчалик хавотирли эмас. Ушбу вакцина жуда кичик хавф омилига эга эканлиги равшан. Фақат соғлиғи ёмон кекса беморлар бундан мустасно», — деди агентлик вакили Стейнар Мадсен.

Маълум қилинишича, келгусида бу каби нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш учун Миллий соғлиқни сақлаш институти жиддий касалликларга чалинган кекса беморларни эмлаш бўйича тавсияларини бироз ўзгартирган.

«Вакцинанинг одатдаги ножўя таъсирлари кекса ёшдаги одамларда мавжуд касалликларнинг янада жиддий кечишига сабаб бўлиши мумкин», — дейилади хабарда.

Норвегияда «BioNTech» томонидан ишлаб чиқарилган («Pfizer» тарқатиш билан шуғулланади) препарат билан коронавирусга қарши вакцинация 27 декабрда бошланган. Биринчи бўлиб Ослодаги қариялар уйида яшовчилар эмланган. Бугунги кунга қадар қиролликда 25000 киши вакцина қабул қилган.