Жаҳон банки: 2021 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 6,2 фоизга ўсди

Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ўсиши 6,2 фоизга етди.

Ҳисоботга кўра, Европа ва Марказий Осиёда 2021 йилда ишлаб чиқариш ҳажми жами 5,8 фоизга ўсган. Марказий Осиё мамлакатларининг қарийб 90 фоизида 2021 йилга мўлжалланган иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари юқорилагани қайд этилган.

Шунингдек, «2021 йилдаги кучли тикланишдан сўнг жаҳон иқтисодиёти COVID-19’нинг янги штамлари тарқалишининг таҳдидлари, шунингдек, инфляция, қарз ва даромадлар тенгсизлигининг кучайиши фонида аниқ секинлашув даврига кирмоқда».

Бутун дунё бўйлаб кечиктирилган истеъмол талаби қондирилиши ва молиявий қўллаб-қувватлаш дастурларининг босқичма-босқич тўхтатилиши натижасида глобал иқтисодий ўсиш 2022 йилда 4,1 фоизга, 2023 йилда эса 3,2 фоизгача секинлашиши кутилмоқда. Маълумот учун, 2021 йилда бу кўрсаткич 5,5 фоизга етган эди. Ушбу вазият ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиёти учун хавф даражасини ошириши ҳам айтиб ўтилган.

«Жаҳон иқтисодиёти бир вақтнинг ўзида COVID-19, инфляция ва сиёсий ноаниқлик муаммоларига дуч келмоқда. Давлатлар ўз харажатлари ва пул-кредит сиёсатида деярли янги, илгари кўрилмаган шароитларда ҳаракат қилишга мажбур. Тенгсизликнинг кучайиши ва хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар, айниқса, ривожланаётган мамлакатлар учун оғриқли. Мамлакатлар иқтисодий ўсиш йўлига кириши учун бутун халқаро ҳамжамиятнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари ва кенг кўламли миллий сиёсатлари зарур», — дейди Жаҳон банки гуруҳи президенти Дэвид Малпасс.

Янгиликлар