Яширин иқтисодиёт, солиқлар, ернинг ноқонуний айланиши ва букмекерлик ҳақида

Аввалига бироз статистикага тўхталамиз.

2020 йилнинг сентябрь ойига келиб Ўзбекистон расмий секторидаги меҳнат ресурсларига кирувчи 19,12 млн. кишидан бор-йўғи 5,67 млн.киши, яъни меҳнатга лаёқатли аҳолининг 29,7% иш билан таъминланган эди, 2020 йилнинг 1 октябрида даромад солиғини тўловчилар сони эса бутун мамлакат бўйича 4,26 млн. кишини, яъни меҳнат ресурсларининг 22,3 фоизини ташкил қилган. Таъкидлаш лозимки, расмий бандликнинг 2,5 млн. кишидан иборат катта қисмини давлат сектори таъминлайди.

Агар расмий секторда мамлакатнинг меҳнатга лаёқатли фуқароларининг 1/3 дан камроқ қисми ишлаётган бўлса, қолган фуқароларнинг мақоми қандай? Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Республика бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази ушбу мақом ҳақида қуйидагиларни маълум қилади:

  • иқтисодиётнинг норасмий секторидаги бандлик расмий сектордаги бандлик кўрсаткичига деярли тенг (5,62 млн. киши);
  • ташқи мигрантлар (1,91 млн. киши);
  • ишсизлар (1,62 млн. киши);
  • “иқтисодий жиҳатдан фаол бўлмаган аҳоли” (4,27 млн. киши) – юқорида санаб ўтилган гуруҳларга мансуб бўлмаган фуқаролар.

Сўнгги гуруҳ таркибига, уй бекалари, талабалар, иш топишдан умидини узиб, ишсизлар сифатида рўйхатдан ўтмайдиганлар, шунингдек, ишлашни умуман истамайдиган фуқаролар билан бир қаторда, юқорида қайд этилган “норасмий сектордаги бандлик” ҳам киришини тахмин қилиш мумкин. Яъни, норасмий бандликнинг реал кўрсаткичлари юқорида кўрсатилган 5,62 млн. кишидан кўпроқни ташкил қилади.

Ушбу рақамлар билан боғлиқ учта савол туғилади:

  1. Расмий сектор меҳнатга лаёқатли аҳолининг ¼ қисмини бандлик билан таъминлаши, доромад солиғини эса меҳнатга лаёқатлиларнинг фақат 1/5 қисмигина тўлаши қанчалик тўғри?
  2. Норасмий бандликнинг ўзи нима ва нимага бизда унинг улуши шунчалик катта?
  3. Расмий сектор улушини кўпайтириш учун нима қилмоқ керак?

Анормал норасмийлик

Биринчи саволга жавоб: албатта ва шак-шубҳасиз бу ҳолат анормалдир. Бу иқтисодиётимиз ва сўнгги уч ўн йиллик давомида иқтисодий сиёсатимиз чуқур ва жиддий инқирозда эканидан далолат беради. Бу сиёсат 2017 йилдан бошлаб сезиларли даражада ўзгардиям (конвертациянинг очилиши, пул муомаласидаги ислоҳот, бизнес юритишдаги кўпгина маъмурий тартиб-тамойилларнинг қисқартирилиши ва содаллаштирилиши ва ҳк.), лекин бу ислоҳотлар, агар юқорида келтирилган маълумотларга асосланадиган бўлсак, расмий бандлик билан боғлиқ вазиятни тубдан ўзгартириш учун камлик қилаётгани яққол кўзга ташланади.

Норасмий бандлик деганда нимани тушунамиз? Агар фаолиятнинг жиноий турларини, масалан, наркотик моддалар савдоси, фоҳишалик, қурол савдоси ва Ўзбекистонда тақиқланган бошқа турларини чиқариб ташласак, у ҳолда норасмий иқтисодиётга қуйидаги таърифни бериш мумкин: норасмий иқтисодиёт – мамлакат иқтисодиётининг истеъмолчиларга зарур ва харидоргир товар ва хизматларни тақдим этувчи, бироқ ишлаб чиқарувчилар қандайдир сабабларга кўра ўз бизнесларини расмий секторда рўйхатдан ўтказилмаган қисми. Яъни, аслида жамиятга зарар етказмайдиган, бироқ нолегал ва яширин юритиладиган фаолият турлари (оралиқ ва истеъмол товарларини ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, савдо ва б.). Биринчидан, бу айрим шахслар ва яширин цехларнинг рўйхатдан ўтказилмаган фаолияти. Иккинчидан, расмий фаолият кўрсатиб келаётган корхоналарнинг ҳисобга олинмаган фаолияти.

Одамлар ва компаниялар қайси сабабларга кўра “сояга”, яъни яширин фаолиятга ўтиб кетадилар?

Биринчидан, ҳокимият, ўзининг қайсидир мантиғи ва фикр-мулоҳазаларига кўра, харидоргир ва аслида жамиятга зарар етказмайдидиган фаолият турларини тақиқлаши мумкин. Бунинг сабаблари мафкуравий (масалан, диний тақиқлар) ёки коррупция билан боғлиқ бўлиши мумкин (“ўзларининг” бизнеслари учун қулай шароитлар яратиш мақсадида фаолиятнинг қайсидир тури тақиқланади ёки чекланади). Ёки эскирган стереотипнинг натижаси ҳам бўлиши мумкин: тақиқ ўтган замонлардан қолган, лекин ҳеч ким уни бекор қилмаган. Айрим ҳолатларда расмий тақиқ умуман бўлмаслиги ҳам мумкин, аммо ҳокимият маъмурий тизим (рўйхатдан ўтказиш, лицензиялаш, сертификатлаш, стандартлаштириш, текширувлар ва ш.к.) орқали тадбиркорларни бозорга яқинлаштирмайди ёки турли сунъий тўсиқлар қўяди. Шунинг учун тадбиркор ўз фаолиятини рўйхатдан ўтказмасдан юритади.

Иккинчидан, тадбиркорларнинг катта солиқлар тўлашдан қочиши ва/ёки меҳнат, экология ва бошқа қонун ҳужжатларидаги қатъий талабларга риоя қилмаслиги. Тўғри, солиқ тўлашни ёқтирадиган тадбиркорни топиш қийин, лекин тўламаслик ҳам кўпгина хавф ва ноқулайликларни келтириб чиқаради. “Сояда” ишлайдиган тадбиркорлар жуда бойиб кетган деган стереотип умуман нотўғри. Шу билан бирга, яширин иқдисодиёт вакилларини солиқ тўлашдан қочадиган ўғри ва муттаҳам деб ўйлайдиганлар ҳам анчагина. Лекин, нима сабабдан яширин иқтисодиёт кенг миқёсда тарқалган? Бизда муттаҳамлар шунчалик кўпми? Кейин, “сояда” фаолият юритадиганлар солиқлардан қочиб ўта катта даромад топаётганига ишониш қийин (албатта, криминал иқтисодиётни истисно қилганда). Нолегалларнинг аксарияти нисбатан камбағал бўлиб, ўзининг бизнеси орқали бир амаллаб кун кўриб юрган одамлардир.

Аслида, нолегал бизнес (криминал таркибий қисмини истисно қилганда) – тадбиркорликнинг ўта ноқулай шакли. Ҳа, солиқлар тўланмайди ва айрим бюрократик тартиботларга вақт сарфланмайди, лекин тадбиркорнинг сарф-харажатлари ҳам кам эмас, аксар ҳолларда жуда катта:

  • у доимий бетайинлик ва ноаниқлик шароитида кун кўради, исталган кун нафақат миқёси катта бўлмаган (одатда) бизнесидан, балки қийинчилик билан жамлаган бор мулки ва эркинлигидан ажралиб қолиши мумкин;
  • нолегал тадбиркор очиқ ишлайдиган бизнесмен фойдаланиши мумкин бўлган кўпгина ресурслардан, масалан: банкдан кредит олиш, битим ва шартномаларнинг ҳуқуқий ҳимояси, ОАВ да реклама, ширкатда иштирок этиш орқали ҳамкорларни жалб қилиш имконияти каби ресурслардан фойдалана олмайди;
  • у ўз бизнесини нормал нархда сота олмайди. Нолегал бизнесмен ўз ишининг соҳиби эмас, у ўз бизнесининг қулига айланиб қолади – чунки йиллар давомида уни боқиб келаётган ишини ташлаб кета олмайди;
  • нолегал тадбиркорда ўз бизнесини кенгайтириш имкониятлари чекланган. Буни, юқорида таъкидлаганимиздек, нафақат кредитлар ёки акционерлик капиталидан фойдаланиш имконияти чекланиши, балки ўз фаолияти миқёсларини яшириш зарурати билан изоҳлаш мумкин. Давлат рўйхатидан ўтмасдан туриб новвойлик ёки тикувчилик қилиш мумкиндир, лекин юзлаб ишчилари бўлган йирик завод ташкил қилишнинг умуман иложи йўқ. Нолегал учун фаолиятни кенгайтириш, одатда, ҳал қилиб бўлмайдиган муаммо ҳисобланади.
  • “сояда” фаолият кўрсатаётганлар “кўчанинг одамларига” ёки порахўр амалдорларга (биринчи навбатда, ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларига), айрим ҳолатларда эса – иккала тарафга ҳам норасмий солиқ тўлаб туришга мажбур.

Хуллас, яширин бизнес билан шуғулланувчилар ҳаётини ҳолваю асалдек ширин деб бўлмайди. Хўп, шундай экан, нимага улар ўз бизнесларини рўйхатдан ўтказмайдилар? Демак, легал тадбиркорликдаги сарф-харажатлар бундан-да кўпроқ бўлиб чиқаяптими? Айнан шу сарф-харажатлар расмий рўйхатдан ўтган корхоналар даромадларининг маълум қисмини ошкор қилмасликка ундайди, яширин иқтисодиётни легаллаштиришга тўсқинлик қилади. Ушбу харажатлар миқдори шунчалик кўпки, нолегал бизнеснинг катта қисми ошкора шаклда ишлай олмайди. Бошқача қилиб айтганда, одамлар ўзларининг иқтисодий фаолиятини рўйхатдан ўтказмаслигининг асосий сабаби, бу солиқларни тўлашдан қочишида эмас, балки, агар солиқларни тўла-тўкис тўласа, бизнес юритишнинг имкони қолмай, улар фаолият юритиши учун зарур манбаларсиз қолишида! Ёки юқорида айтилган расмий ёхуд норасмий тақиқлар туфайли бизнесни ошкора юрита олмасликларида.

Нима қилмоқ зарур?

Норасмий иқтисодиётнинг мавжудлиги мамлакатимиздаги (фақат бизда эмас, бошқа мамлакатларда ҳам) энг оғриқли муаммолардан биридир. Ва кўпчиликнинг наздида ушбу муаммони ҳал қилишнинг ягона йўли – “яширин иқтисодиёт” вакилларига нисбатан қонун ҳужжатларида кўзда тутилган маъмурий чораларни кучайтириш. Аслида эса, юқорида бу тўғрида тўхталган эдик, норасмий иқтисодиёт, бу касаллик эмас, балки бошқа касалликнинг, яъни хўжалик юритиш фаолиятининг ўта бюрократлаштирилгани, бизнесни ошкора юритишдаги катта харажатлар, тадбиркорлик фаолиятини юритишдаги тақиқлар ва чекловлар сони ҳаддан ташқари кўплигининг симптомидир. Симптомлар билан курашиш эса куч ва вақтни беҳудага сарфлашни англатади. Бунда сиз ижобий натижага эриша олмайсиз, аксинча, аввалгидан кўпроқ зарар кўриш эҳтимоли кескин ошиб кетади.

Муаммони ҳал қилишдаги асосий вазифа – норасмий иқтисодиётни таг-туги билан йўқ қилиш эмас, балки уни ошкора ҳолатга ўтказиш, “соядаги” тадбиркорларни қонун доирасида фаолият юритадиган солиқ тўловчиларга айлантириш. Бошқача қилиб айтганда, курашни норасмий иқтисодиётга қарши эмас, балки норасмий бизнесни легал ҳолатга ўтказишга тўсқинлик қилаётган самарасиз қоидалар (қонунлар, қонун ости ҳужжатлари, давлат томонидан ўрнатилган тартибга солувчи чоралар)га қарши олиб бориш керак.

Бунинг учун қандай йўл тутиш керак?

Биринчидан, ошкора бизнесни амалга оширишдаги сарф-харажатларни қисқартириш лозим. Бунда, алоҳида компанияларга турли имтиёзлар тақдим этишдек (амалдорларимизга хуш ёқадиган) ўта зарарли амалиётдан воз кечиб, расмий рўйхатдан ўтган барча тадбиркорлик субъектлари учун мажбурий сарф-харажатлар миқдорини қисқартириш керак. Имтиёзлар тадбиркорларни бир хил бўлмаган шароитларга рўпара қилиш баробарида имтиёзга эга бўлмаганларни яширин фаолият юритишга ундайди. Яъни, имтиёзлар яширин иқтисодиётни қўллаб-қувватловчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Иккинчидан, харидоргир ва зарар келтирмайдиган фаолият турларига бўлган асосланмаган расмий ва норасмий тақиқларни бекор қилиш зарур.

Юқорида айтилганлар бўйича бир нечта мисолни кўриб чиқамиз.

Ва яна ҚҚС

Ошкора бизнес юритишдаги харажатлар кўпайиб кетишига сабаб бўлувчи омиллар рўйхати каттагина. Қуйида асосийларини келтириб ўтамиз:

  • ҳуқуқий тизимнинг шаффоф ва самарали эмаслиги,
  • мулкка бўлган ҳуқуқ ҳимояланишининг заифлиги, шу жумладан бу заифликни келтириб чиқарган суд тизимининг самарасиз ишлаши,
  • рўйхатдан ўтишда, турли рухсат берувчи ҳужжатлар (лицензия, сертификат, стандартлар) олишда, ҳисоботлар топширишда, текширувлар жараёнидаги қийинчиликлар,
  • маҳсулотни сотиш бозорлари ва ресурслар бозорларига киришдаги тўсиқлар (масалан, ресурслар сунъий равишда монополлаштирилиши мумкин),
  • рақобатнинг бир хил бўлмаган шароитлари ва коррупция.

Ва шубҳасиз:

  • солиқ тўлашдаги ва солиқ маъмуриятчилиги билан боғлиқ катта харажатлар.

Шуниси эътиборликки, бунда солиқларнинг юқори ставкалари ҳақида сўз юритилмайди (гарчи бу ҳам жуда муҳим бўлсада), урғу солиққа тортишнинг самарасиз қоидаларига қаратилган.

Солиқ сиёсатининг атрофлича ўйланмагани яширин иқтисодиёт ўсишига туртки бергани ҳақидаги яққол мисол:

2019 йил Ўзбекистонда солиқ соҳасида ислоҳот ўтказилган бўлиб, норасмий иқтисодиётнинг катта қисми ошкора фаолият юритишига йўл очиш вазифаси унинг асосий мақсадларидан бири деб белгиланганди. Бунинг учун айрим солиқларни бекор қилиш, бошқа турдаги солиқлар бўйича ставкаларни камайтириш ҳамда ўртача ва йирик корхоналарни ҚҚС тўлашга ўтказиш (ўз моҳиятига кўра, ҚҚСнинг тўланиши даромадларни яшириш имкониятларини қисқартиради) кўзда тутилган эди. Бироқ, айнан 2019 йилда корхоналарнинг бир қисми ўзларининг норасмий фаолияти миқёсини кенгайтирди.

Йиллик оборотнинг маълум кўрсаткичига эришгани учун солиққа тортишнинг умумий тартибига ўтказиладиган корхоналарни солиққа тортишнинг соддалаштирилган тартибида қолдирилган корхоналар билан солиштирганда, биринчилар учун бизнес юритиш шартлари салбий томонга ўзгарди. Рақобатчилардан орқада қолмаслик учун улар тушумларининг бир қисмини яширишга мажбур бўлдилар, яъни давлат уларни легал сектордан шунчаки сиқиб чиқарди.

Бу ҳолатни оддий сабаб билан изоҳлаш мумкин: корхоналарнинг аксариятини солиққа тортишнинг умумий тартибига ўтказиб, қолган корхоналар учун соддалаштирилган тартибни қолдириш баробарида шу икки тартиб учун солиқ юкламасидаги каттагина фарқни бартараф қилинмади, натижада, бир хил маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхоналарда тенг бўлмаган бизнес юритиш шартлари юзага келди.

Нимага шундай ҳолат юзага келди? Солиқ ислоҳотини лойиҳалашнинг ўзидаёқ ҳисоб-китоблар тармоқларнинг кўпчилигида солиқ юкламасидаги фарқланишни бартараф қилиш мақсадида умумий тартибда солиқ тўлайдиган корхоналар учун қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) камида 12% гача камайтириш керак экани кўрсатган эди. Мисол учун, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистонда ҚҚС ставкаси 12 фоизни ташкил этади. Бироқ, ҳукумат ҳисоб-китоблар ва соғлом фикр-мулоҳазаларга терс равишда ҚҚС ставкасини 20% қилиб белгилади. Гап бундай ставка қашшоқ мамлакат учун анча юқори ҳисобланишида эмас (аслида худди шундай ҳам). Асосийси, кўпчилик тармоқларда икки тартиб бўйича солиқ тўлайдиган корхоналар ўртасидаги солиқ юкламасини тенглаштириш имконияти йўққа чиқарилди ва тенг бўлмаган бизнес юритиш шартлари юзага келди.

Ундан ташқари, ҳукумат умумий тартибда солиқ тўловчи корхоналар учун қўшимча харажатлар ҳам қўшиб берди:

  • соддалаштирилган тартиб учун ягона солиқ тўлови ставкасини 5 фоиздан 4 фоизгача туширди (яъни, солиқ юкламасидаги фарқланишни янада оширди);
  • корхонадан ташқарига чиқарилмайдиган фойдани солиққа тортмаслик ва солиқ маъмуриятчилигини сезиларли равишда енгиллаштириш имконини берувчи фойда солиғи ва дивидендларни ягона солиққа бирлаштиришни рад этди (ваҳоланки, Солиқ ислоҳотининг дастлабки вариантида айнан шу ҳолат кўзда тутилган эди);
  • 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб фойда солиғи ставкасини 12 фоиздан 15 фоизгача кўтарди;
  • ҚҚС бўйича имтиёзлар ва истисноларни ўз вақтида бартараф қилмади, охир-оқибат ҳисобга олиш тартиботини ўтказишнинг иложи бўлмагани сабабли, 2019 йилда ушбу солиқни тўлашда жиддий зўриқишлар кузатилди.

Ҳар эҳтимолга қарши яна бир бор таъкидлайман: муаммо ҚҚС нинг 20% лик ставкасида эмас (гарчи у юқори бўлсада), солиққа тортишнинг икки тартибида солиқ юкламалари ўртасидаги фарқланишнинг сақланиб қолганида. Натижада корхоналар учун тенг бўлмаган бизнес юритиш шартлари қарор топди.

2019 йил охирида ҳукумат ўз хатоларининг кўпчилигини тузатди: ҚҚС ставкасини 15% гача камайтирди (лекин, нима сабабдан 12 фоизгача эмас!), ҚҚС тўлашдаги кўпгина имтиёзлар ва истисноларни бекор қилди. Бироқ, иқтисодиётга зарар (мутлақо мажбурий бўлмаган) барибир етказилди. Натижада, “сояга” ўтиб олган корхоналарнинг бир қисми орқага қайтишни пайсалга солиб юрибдилар.

Шундай қилиб, “бирон ишкал чиқмасайди” деган қўрқув туфайли амалдорларимиз иқтисодиётимизнинг бир қисми нолегал секторга ўтиб кетишига “кўмаклашиб юбордилар”.

Бу каби мисолларни, афсуски, жуда кўп келтириш мумкин.

Ер билан боғлиқ масала

Ўзбекистонда ҳамма биладики, бизда ерга бўлган хусусий мулк ҳуқуқи, гарчи қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларларга бўлган мулк ҳуқуқи “яқин кунларда” жорий этилишини кутиш режимида бир неча йил яшаётган бўлсакда, ҳанузгача жорий этилмаган. Таъкидлаш лозимки, қонунларга мувофиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни нафақат сотиш ва харид қилиш, балки ижарага ёки фойдаланишга бериш ҳам тақиқланган. Ҳаттоки, субижарага ҳам йўл қўйилмайди. Шу билан бирга, ҳамма биладики, ер нафақат субижарага берилади, балки сотилади ва харид қилинади. Буни қандай изоҳлаш мумкин?

Ҳаммаси жуда оддий. Иқтисодиёт қонунларини алдаб бўлмайди. Исталган ресурс, ҳатто уни расмий равишда сотиш ёки харид қилиш мумкин бўлмасада, ўзининг бозор қийматига эга. Агар давлат қандайдир сабабларга кўра шундай очиқ-ойдин фактларни тан олишни истамаса, бу фақат ва фақат давлатнинг муаммосидир. Ердан фойдаланиш ҳуқуқи барибир сотилмоқда. Фақат пул маблағлари давлат бюджетини четлаб ўтмоқда. Қўшимчасига коррупция гуллаб яшнаяпти. Сўнгги йиллардаги коррупция билан боғлиқ энг кўп тарқалган вазиятлар маҳаллий амалдорларнинг ер савдоси билан шуғулланишига тақалиши бежиз эмас.

Яқинда ерлар асосан электрон аукционлар орқали тақсимланиши, яъни ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқлари эркин бозор механизмлари орқали сотилиши ва харид қилиниши тўғрисида қарор қабул қилинди. Лекин, бу қарорда нимагадир фақат қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ҳақида сўз юритилган. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар “танлов” асосида тақсимланади, яъни кўпроқ пул тўлашга тайёр шахсларга эмас, йўқ, амалдорлар белгилаган мезонларга яхшироқ жавоб бера оладиганларга, катта эҳтимол билан кўпроқ ваъда берганларга берилади (инвестицион ва ижтимоий мажбуриятлар). Ернинг яширин иқтисодиётдаги обороти ва коррупция янада гуллаб-яшнаши учун ажойиб имкониятлар, амалдорларнинг бюрократик ваколатларининг кенгайиши (мажбуриятлар бажарилишини текшириш керак-ку, ахир) ва кейинчалик ерларнинг олиб қўйилиши (текширувлар жараёнида қайсидир мажбурият бажарилмаётгани “албатта” аниқланади, бунинг устига, мажбуриятлар бажарилаётгани ёки бажарилмаётгани тўғрисидаги қарор ҳокимиятнинг чўнтак судлари томонидан қабул қилинади).

Шунга ўхшаш вазият валютани тартибга солиш соҳасида кузатилган эди. 2017 йилгача валютани эркин конвертация қилиш тақиқланган бўлиб, “қора бозор” гуркираб ривожланиб кетган эди. Эсласангиз, расмий ва альтернатив курслар (қора, “биржа” курслари) ўртасидаги улкан фарқ расмий конвертациядан фойдаланиш имкониятига эга шахсларга “ҳаводан” катта пул ишлаш учун шароит яратиб берганди. Тўғри, бу миллиард-миллиард даромадлар ҳаводан топилмасди, алмаштириш курслари ўртасидаги фарқ экспортчилар, фермерлар, барча солиқ тўловчилар ва истеъмолчилар чўнтагидан, аслида мамлакатнинг қашшоқлашиши ҳисобига тўланарди.

Ушбу коррупцион “катта охурни” йўқ қилиш учун нима талаб қилинди? Айтарли жиддий ислоҳот ва ўзгаришлар амалга оширилмади: ресурсни (валютани) тақсимлаш ҳуқуқи амалдорлардан олиб қўйилди ва амалдорларни боқаётган (аниқроғи – бойитаётган) тақсимлаш механизми эркин бозор механизмига алмаштирилди. Шу холос! Ҳеч ким озодликдан маҳрум этилмади ёки “деворга тираб” отиб ташланмади. Фақатгина эркин бозор яратилди. Валюта ҳам картошка ёки қулупнай каби товар. Биз картошка харид қилиш учун пора бермаймизку, тўғрими? Натижада, валюта сотиб олиш учун ҳеч кимга пора бермайдиган бўлдик.

Ерни ижарага олиш ҳуқуқи ҳақида ҳам шундай мулоҳаза юритиш мумкин. Ер ҳам валюта ёки картошка каби товар. Эркин бозор яратилса, ресурс ким кўпроқ пул тўлашга, демакки, ердан яхшироқ фойдаланишга тайёр бўлганларга насиб қилади. Ер участкалари шаффоф ва адолатли аукционлар орқали тақсимланиши ҳамда ер эгалари ҳуқуқини ҳимоя қилиш механизмининг самарали ишлаши натижасида ер омилкор фойдаланувчилар қўлига ўтади. Муқобил вариант: соядаги оборот, коррупция, мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмининг деярли ишламаслиги. Қай бири маъқул? Жавоб қандай бўлишини тахмин қилиш шарт эмас. Бироқ, биз яна энг ёмон вариантни танлайверамиз, танлайверамиз…

Албатта, ернинг ижтимоий жиҳатдан муҳим мақсадлар учун тақсимланиши билан боғлиқ муҳим бир истисно бор. Масалан: ерсиз қишлоқ аҳолисини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий аҳамиятга эга инфратузилма ва қатор ижтимоий объектлар учун ер бозор тамойилларига асосланмаган ҳолда ажратилади. Лекин, бу умумий қоидаларга айланиб қолмаган-ку, бу истисно тариқасида қўлланадиган ҳолатлар.

Букмекерлик: тақиқлаш жоиз эмас рухсат бериш

Кейинги мисол қуйидаги мавзуга бағишланган: бугунги кунда ривожланган замонавий жамиятларнинг ўлчовлари бўйича бемалол рухсат этилган фаолиятнинг, сунъий тўсиқлар ёки норматив базанинг такомиллашмагани сабабли, яширин секторга сиқиб чиқарилгани, натижада, одамлар мамлакат иқтисодиётига пул киритиш (гарчи, бунга ҳеч ким мажбур қилмасада), солиқ тўлашга тайёр бўлсаларда (аксарият ҳолларда солиқларни тўлайдилар, лекин бошқа давлатлар бюджетига) солиқ тўлаш имкониятларидан мосуво қилингани ҳақида.

Сўз, лотореяни истисно қилганда, таваккалчиликка асосланган ўйинлар (масалан: бильярд), шу жумладан спорт ўйинларига дов (пул) тикиш – букмекерликнинг Ўзбекистонда тақиқланиши тўғрисида кетаяпти. Тўғри, букмекерликка рухсат берилди, лекин ҳуқуқий нормалари ҳанузгача ишлаб чиқилмаган.

Таваккалчиликка асосланган ўйинлар нима сабабдан тақиқланган? Бир қарашда жавоб жуда оддий: бу ахлоқсизлик, бу ўйинлар одамда номақбул инстинктларни жунбушга келтиради, айрим ҳолатларда эса одам ўзини назорат қила олмайди – бор-йўғини ютқазади, натижада, ўзи ва яқинлари азият чекади. Тўғри ва ҳаққоний жавобми? Ҳа, шундай. Лекин “ахлоқсизлик” (аслида, бу ўта нисбий ва субъектив тушунча) ва рўй бериши мумкин бўлган молиявий ҳалокатлар (аслида, умуман оммавий эмас, сабаби, ўйинчиларнинг кўпчилиги ўзини назорат қилади ва пул тикишни вақтида тўхтата олади) тақиқлашнинг салмоқли омили бўлиб хизмат қилиши мумкинми?

Яхши, қиморни ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ғирт ахлоқсизлик деб тахмин қилдик. Айтингчи, аслида ахлоқсизлик ва гуноҳ саналмиш кўпгина одатларимизни яширамизми, ахир, давлат тақиқлар орқали бизни “қайта тарбиялашга ва тўғри йўлга солишга” ҳаракат қилмайди-ку?

Масалан, алкоголизм ва тамаки чекиш:

  • бу иллатлар кашандалар ва спиртли ичимликларни суиисеъмол қилувчилар соғлиғига катта зарар етказади;
  • аксарят ҳолларда атрофдагилар учун зарарли (пассив чекувчилар, мастликдаги зўравонликлар ва ҳк.)
  • соғлиқни сақлаш тизимига сезиларли юклама тушади (кашандалар ва ичкиликка ружу қўйганлар давлат тиббиёт муассасаларида даволанади);
  • панд-насиҳатлар ва диний кўрсатмалар билан қораланади.

Назаримда, тамаки чекиш ва алкоголизм етказадиган зарар қиморга асосланган ўйинлар орқали етказиладиган зарардан анча кўпроқ. Бироқ, шунга қарамасдан, кўпчилик давлатлар алкоголь ва тамаки маҳсулотларини тақиқлашга аллақачон уринмай қўйган. Нимага? Чунки тақиқлар ёрдам бермаяпти: тақиқланган товарлар обороти яширин иқтисодиётга ўтиб кетади. Қўшимчасига, давлат бюджети бу каби товарлар оборотидан тушадиган пуллардан маҳрум бўлади. Яна бир “плюс”: тақиқлар яширин иқтисодиёт билан бирга криминал тузилмалар ва коррупцияни ҳам рағбатлантиради. Сояда фаолият юритадиганлар криминал тузилмалар томонидан назорат қилинади, назорат қилувчи ва ҳуқуқ-тартибот органлари криминал гуруҳлар билан жуда осон тил бириктиради, охир-оқибат бу соҳада коррупция гуллаб-яшнайди. Бу ҳолат қай тарзда кечиши Америкада ХХ асрнинг биринчи ярмида “қуруқ қонун”, яъни спиртли ичимликлар сотишни ва истеъмол қилишни ман қиладиган қонун жорий этилганидан кейин мафиянинг қарор топиши ва ривожланиши ҳақидаги ҳужжатли ва бадиий хроникаларда жуда яхши баён этилган ва тасвирланган. Айтганча, вақт ўтиши билан “қуруқ қонун” бекор қилинди, лекин мафия қолди…

Таваккалчиликка асосланган ўйинларни тақиқлашда ҳам шу ҳолат кузатилмоқда. Одамлар барибир ўйнайверади. Фақат уларнинг пуллари (солиқ кўринишида) иқтисодиётнинг расмий сектори ва бюджетга эмас, балки яширин иқтисодият доирасида мамлакат ичида қолади ёки криминал тузилмалар ва коррупцияни озиқлантиришга хизмат қилади ёхуд чет элга, масалан, хорижий букмекерлик интернет-платформалари орқали бошқа давлатларга чиқарилади. Ҳар йил бюджетга тушиши мумкин бўлган, лекин тақиқлар туфайли мамлакат учун йўқотиладиган маблағлар ёки валюта миқдори қанча? Буни ҳеч ким билмайди. Буни фақат тахмин қилиш мумкин. Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ) бош директорининг ўринбосари Диёр Имомхўжаевнинг сўзларига қараганда, фақатгина норасмий букмекерлик орқали йилига 50 миллион АҚШ доллари Ўзбекистондан чиқиб кетади.

Нима сабабдан шу пуллардан ихтиёрий равишда воз кечаяпмиз? Кимдир шуни тушунтириб бера оладими?

Тўғри, айнан букмекерлик иши билан боғлиқ ижобий ўзгаришлар кутилаётганини рад этиб бўлмайди. Хусусан, 2019 йилнинг 5 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5887-сон фармонни имзолади. Ушбу ҳужжатда 2020 йил 1 июнга қадар букмекерлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси белгиланган.

Таъкидлаш лозимки, спорт мусобақалари натижаларига қўйиладиган ставкалар таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлардан фарқланади:

  • бу фақат омадга боғлиқ (худди рулетка ёки ўйин автоматида бўлганидек) ставкалар эмас, спорт ўйинларига пул тикишда, асосан, муайян спорт турини, масалан, футболни биладиган ва тушунадиган, жамоаларнинг кучли ва заиф томонларини, турнирдаги вазиятни ва шу каби бир қатор жиҳатларларни яхши билган ўйинчилар ютади;
  • букмекерликда “эс-ҳушини йўқотиб” бор-йўғини буткул ютқазишдек фожеа нисбатан кам кузатилади: спорт ўйинларига пул тикишда, классик қимор ўйинларида бўлганидек, чекланган вақт давомида ўз ихтиёри билан истаганча пул тикишнинг иложи йўқ;
  • одатда, букмекерлик муассасаларида ўйинчи ҳиссиётларини жунбушга келтирувчи қўшимча воситалар (масалан: спиртли ичимликлар, фоҳишалар ва ш.к.) бўлмайди.

Бироқ, биздаги бюрократиянинг анъанавий “оғир карвонлигини” ҳисобга олган ҳолда, бизда букмекерликни легаллаштириш масаласида сезиларли силжиш кузатилмади. 2021 йилнинг июль ойига ҳам етиб келдик, лекин норматив база (ҳатто лойиҳа кўринишидаги) ишлаб чиқилмаган. Тўғри, жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.04.2021й. ПҚ-5054-сон қарорида Капитал бозорни ривожлантириш агентлигига спорт соҳасида букмекерлик фаолиятини ташкил этиш орқали спортни қўшимча молиялаштириш тизимини кенгайтириш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси топширилган. Аммо, янги муддатлар ўтиб кетди, лекин шу масалага масъул этиб тайинланган Капитал бозорни ривожлантириш агентлиги тугатилгани сабабли жавобгар ҳам йўқ.

Футбол бўйича Европа чемпионати бой берилди. Яқинда Олимпиада бошланади. Ва спорт ўйинларига пул тикмоқчи бўлганлар яна хорижий интернет-платформалар ёки “кўча” мутахассисларига мурожаат қилишга мажбур бўлади. Пул маблағлари эса яна бюджетни айланиб ўтиб, бошқа мамлакатларга чиқиб кетади.

Ҳукуматга ортиқча пул керакмас, шекилли. Ким билади, балки солиқлар миқдорини камайтиришар? Масалан, ҚҚСни 12% гача туширишар?

Юқорида баён этилган барча вазиятларда давлат ошкора фаолиятни амалга оширишга зид бўлган маъносиз ва умуман керак бўлмаган тўсиқ ва тақиқларни ўзи яратаётганини кўриш мумкин. Натижада, ҳам тадбиркорлар, ҳам оддий одамлар ҳуқуқ доирасидан ташқарига сиқиб чиқарилиб, қонунбузарлик қилишга мажбур бўлмоқдалар. Ва шу билан бирга, бюджетни тўлдириш манбалари ҳам йўқотилмоқда.

Бу масала билан жиддий шуғулланиш керак…

Янгиликлар