Хорватияга $6 минг эваъзига ишга юборишни ваъда қилганлар ушланди

Фуқароларни фирибгарлик ёли билан Хорватияга ишга жойлаштиришни ваъда қилган икки нафар шахс қолга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, Бухоро шаҳрида яшовчи, 1997 й.т., муқаддам фирибгарлик жиноятини содир қилган шахс Тошкент шаҳри, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида истиқомат қилувчи 3 нафар фуқарога ўзини гўёки сайёҳлик фирма вакили сифатида таништириб, уларнинг ишончига киради.

Сўнгра Хорватия давлатида танишлари борлигини айтиб, уларни ишчи виза асосида ушбу мамлакатга ишга юбориш эвазига 6000 АҚШ доллари талаб қилади. Натижада, сўралган пул маблағидан 3000 АҚШ долларини олдиндан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Худди шундай, фирибгарлик ҳолати Наманган вилоятида ҳам қайд этилиб, хусусан, Наманган шаҳрида яшовчи, 1999 й.т. шахс алдов йўли билан 3 нафар ҳамшаҳарининг ишончига киради.

Мазкур шахс ҳозирда Хорватия давлатида ишловчи акасининг кўмагида уларни ушбу мамлакатга ишлаш учун юбориш эвазига ҳар биридан 2600 АҚШ доллари, жами 7800 АҚШ доллари талаб қилади.

Аммо, фуқаро 3900 АҚШ долларини олган вақтида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан қўлга олинади.

Ҳозирда иккала қонунбузарга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми «а» банди билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон