Мирзиёев Франция элчисини «Дустлик» ордени билан тақдирлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 август куни мамлакатда дипломатик миссиясини якунлаётган Франция фавқулодда ва мухтор элчиси Орелия Бушезни қабул қилиб, уни «Дустлик» ордени билан тақдирлади.

Давлат раҳбари Франция элчисининг самарали фаолияти ҳамда мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида қайд этди.

Жумладан, турли даражаларда тизимли мулоқот ва фаол алоқалар йўлга қўйилган. Савдо-иқтисодий соҳада сезиларли муваффақиятларга эришилиб, кейинги йилларда товар айирбошлаш 4 баробар кўпайган.

Шунингдек, Франциянинг етакчи компания ва ташкилотлари билан умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Лувр музейи ва Араб дунёси институтида кўргазмалар катта муваффақият билан ўтди. Париж шаҳри яқинида Беруний ҳайкали очилди. Франция пойтахтидаги кўчага Самарқанд номи берилди. Жорий йилда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Франция университети ўз ишини бошлайди, — дейилади хабарда.

Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти Франция Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Орелия Бушезга мамлакатларимиз ўртасида дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун «Дустлик» орденини топширди.

Элчи хоним унинг дипломатик миссияси юксак баҳолангани ҳамда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун давлат раҳбарига самимий миннатдорлик билдирди.

Янгиликлар