«Уч қаҳрамон» бозоридаги ёнғин фуқароларга 74 млрд сўм зарар етказди

Тошкент вилоятидаги «Уч қаҳрамон» бозорида, содир бўлган ёнғин туфайли фуқароларга 74 миллиард сўм миқдорида моддий зарар етказилган. Вилоят ҳокимлиги хабарига кўра, бозор ўз фаолиятини 17-августдан бошлайди.

Эслатиб ўтамиз, 11-август куни соат 02:20 да «Уч қаҳрамон» бозорида ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши натижасида бозорда ёнғин келиб чиққан.

Ёнғин тахминан 8000 кв.м майдонни қамраб олган ҳолда савдо дўконлари ичидаги барча мол-мулклар ёниб кетган.

Дастлабки маълумотларга кўра, жамият ва фуқароларга жами 74 миллиард сўм миқдорида моддий зарар етказилган. Ҳолат юзасидан ЖКнинг 259-моддаси, 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган, — дейилади ҳабарда.

Ёнғиннинг сабаби, бозорга киришда ўнг томонда жойлашган биринчи ва иккинчи дўконлар орасидан ўтган электр симларидаги ортиқча юкланишдан келиб чиққан деб тахмин қилинди.

Жумладан, ёнғин оқибатида жабрланган 165 та тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давом эттиришлари учун бозор ҳудудида 63 та бўш турган дўконлар, 125 нафар тадбиркорлик субъектларига 2 ой муддатга ижара тўловисиз ажратиб берилганлиги ва жойлаштирилгани хабар қилинди.

Эртадан бошлаб бозорнинг ёнғин содир бўлмаган қисмидаги бўш дўконларга ёнғин туфайли зарар кўрган тадбиркорлар кўчиб ўтишни бошлайди. Мазкур бозор 17 августдан фаолият кўрсатишни бошлайди, — деб таъкидланди.

Ўзбекистон