Бош вазир ўринбосари Aзиз Aбдуҳакимовга Бўстонлиқ тумани раҳбари вазифасини бажариш юклатилади

Шавкат Мирзиёев 14 август куни туризм салоҳиятини кенгайтиришга доир лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёв томонидан ҳудудни тўлиқ туристик зона сифатида ривожлантириш ва режадаги лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш мақсадида бош вазир ўринбосари — Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисига параллел равишда янги тажриба тариқасида Бўстонлиқ туманига раҳбарлик вазифасини бажаришни юклатиш таклифи билдирилди.

Шунингдек, тақдимотда кейинги икки йилда сайёҳлик ўринлари ва хизмат турларини кўпайтириш натижасида ҳудуднинг туризм салоҳиятини 2 баробар ортишини таъминлаш вазифаси қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мана шу учрашувда Бўстонлиқда лойиҳа қиймати 480 миллион доллар бўлган халқаро курорт ташкил этилиши маълум қилинди. Қайд этилишича, лойиҳанинг концепцияси ва иқтисодий модели Франция компаниялари консорциуми томонидан FASEP фондининг 750 минг евро миқдоридаги грант маблағлари ҳисобига ишлаб чиқилган.

Янгиликлар