Бухорода тадбиркордан 758 млн сўмлик маҳсулот олиб, пулини тўламай келган бошқарма устидан суд қарори чиқди

Бухорода тадбиркор шаҳар ободонлаштириш бошқармасига етказган маҳсулотининг пулини ололмаётганини айтиб, бизнес-омбудсманга мурожаат қилди. Бу ҳақда бизнес-омбудсман матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Бизнес-Омбудсман якка тартибдаги тадбиркор Ибрагимов Сардорнинг Бухоро шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармасига 758 миллион сўмлик етказиб берилган маҳсулот учун қарздорлик тўланмасдан келинаётганлигидан норози бўлиб ёзган мурожаатини ўрганиб чиқди.

Маълум бўлишича, етказиб берувчи томонидан қарздорликни тўлаб бериш юзасидан харидорга талабнома берилишига қарамасдан, шартнома бўйича қарздорлик тўланмасдан келинган. Ушбу ҳолат буйича бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорлик субъекти манфаатида иқтисодий судга мурожаат қилиниб, қарздорликни ундириш буйича даъво аризаси киритилди.

Мазкур ариза суд томонидан кўриб чиқилиб, бизнес-омбудсманнинг талаби тўлиқ қаноатлантирилди ҳамда Бухоро шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси ҳисобидан қарздорликни ундириш бўйича қарор қабул қилинди.

Аввалроқ Хивада тадбиркор фойдасига салкам 275 миллион сўм маблағ ундириб берилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар