Ургутда 2 килограммдан ортиқ марихуана сотаётган эркак қўлга олинди

Самарқанд вилояти Ургут туманида 12 октябрь куни оғирлиги 2,200 килограмм марихуана гиёҳвандлик моддасини сотаётган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси «Tez News»га хабар берди.

Фото: Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, 12 октябрь куни Ургут туманида Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси жиноят қидирув бўлими тезкор ходимлари томонидан олинган тезкор маълумотга асосан, Ургут тумани «Деҳқонобод» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Ургут—Қоратепа йўлининг Ургут йўналишида тезкор тадбир ўтказилган.

Қайд этилишича, Пастдарғом тумани Галатут қишлоғида яшовчи 1995 йилда туғилган С. исмли шахс фуқаро Т.га целлофан қопга солинган, жами оғирлиги 2,200 кг марихуана гиёҳвандлик моддасини 10 минг долларга сотаётган вақтида қўлга олинган. Гиёҳвандлик моддаси белгиланган тартибда далилий ашё тариқасида ҳужжатлаштирилиб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Aввалроқ ДХХ Самарқандда 1,3 килограм опий ва салкам 1,5 килограм марихуана сотмоқчи бўлган 2 эркакни қўлга олганни ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар