«Mен юқоридаги ходим билан алоҳида суҳбатлашдим». ДСҚ раиси интернетда тарқалган аудио бўйича баёнот берди

Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ижтимоий тармоқларда тарқалган аудио бўйича баёнот берди.

Фотo: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

Унинг таъкидлашича, раҳбар шахс оғир вазиятларда ҳам вазминлик билан ҳаракат қилиши лозимлиги тўғрисидаги фикрида қатъий туради. Шунингдек, у юқоридаги ҳолатда мазкур фикрига қарши ҳаракат қилганини тан олган. Юзага келган вазиятдан сўнг Шерзод Кудбиев юқоридаги ходим билан алоҳида суҳбатлашгани ва улар биргаликда ҳодисага тўлиқ барҳам берганини маълум қилган.

«Ҳеч кимга сир эмаски, солиқ тизимида ислоҳотлар бошланган, шу билан бирга жуда кўп муаммолар йиғилиб қолган. Aфсус билан айтиш керакки, ҳалигача айрим ҳолатларда тадбиркорларга нисбатан ‘соғин сигир’ сифатида қараб, уларнинг ҳисобидан ўз хизмат вазифаларини, энг ёмони – айрим ҳолларда эса шахсий манфаатларини кўзлаётган шахслар учраб турибди.

Юқоридаги видеода айнан шундай ҳолатлар муҳокама қилинган эди. Биринчи ҳолатда – тадбиркорга ортиқча тўланган ҚҚС суммаси ўз вақтида қайтарилмаган, иккинчи ҳолатда – асоссиз равишда ҳисоб рақами банд қилиниб ундаги маблағлар ундирилмоқчи бўлган», — дейди Шерзод Кудбиев.

Шерзод Кудбиевнинг қайд этишича, яқин келажакда солиқ органлари томонидан тадбиркорлар фаолиятига қасддан ёки тасодифан аралашув имкониятини бутунлай йўққа чиқарадиган янги тизимни ишлаб чиқиш устида иш олиб борилмоқда. Шунингдек, олдимизга солиқ тизимини тадбиркорларга кўмак берадиган тизимга айлантириш бўйича аниқ мақсад қўйилганини алоҳида таъкидлаб ўтган.

Хабарга кўра, юқоридаги ҳолат бўйича қўмита ҳайъатининг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилган. Унда юқоридаги масалалар атрофлича муҳокама қилинган ва ташкилот фаолиятини янада яхшилаш бўйича хулосалар қилинган.

Aввалроқ Ўзбекистонда Молия вазирлигининг бир қатор функциялари Солиқ маслаҳатчилари палатасига ўтказилиши ҳақда хабар қилинганди

Янгиликлар