Хитой ҳукумати «Аlibaba» асосчиси Жек Мага қарши уруш эълон қилди
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ҳамда Хитой ҳукумати мамлакатнинг бой одами «Аlibaba» асосчиси Жек Мага қарши уруш эълон қилди. Бу ҳақда «The Wall Street Journal» хабар берди.
Хабарга кўра, Си Цзиньпин Жек Ма баёнотлари туфайли шахсан Хитой фонд бозорига кирган «Ant Group» молиявий ва технологик компаниясининг акцияларини жойлаштиришни тўхтатиб туриш тўғрисида буйруқ берган.
Нашрнинг хабар беришича, Пекинда рўй берган норозиликка миллиардернинг Шанхайдаги 24 октабрь кунги нутқи сабаб бўлган. Унда Жек Ма ХХР раисининг сўзларидан иқтибос келтириб, мамлакатнинг юқори технологик саноат бошқарув қоидаларини танқид қилган. Си Цзиньпин бундай баёнотларни Ма томонидан ўзининг шахсий обрўсини мустаҳкамлаш ва Хитойнинг назорат қилувчи орган ҳаракатларига нисбатан шубҳа қилиш учун қилинган уриниш сифатида қабул қилди.
Қайд этилишича, «Ant Group» рўйхати тарихдаги энг йирик IPO (акциядорлик жамияти акцияларининг биринчи оммавий савдоси) бўлиши ва 2019 йил охирида ўрнатилган 29 миллиард 400 милион долларлик «Saudi Aramco» рекордини янгилаши мумкин. Бироқ 3 ноябрь куни Шанхай фонд биржаси компаниянинг листингини тўхтатиб қўйди. Шундан сўнг Хитойнинг қимматли қоғозларни тартибга солиш қўмитаси рўйхатни «молиявий ва техник назорат шароитидаги ўзгаришлар» сабабли тўхтатиб туришни маъқуллаганлиги маълум бўлди.
Аввалроқ Жек Ма қаторасига иккинчи йил Хитойнинг энг бадавлат кишилари рўйхатида етакчилик қилгани ҳақида хабар берилганди.
Мавзуга доир: Миллиардер Жек Ма Аlibaba раҳбарлигидан кетди