Қашқадарёда туман ҳокимининг «Captiva»си уриб юборган йўловчи воқеа жойида вафот этди

Қашқадарёда туман ҳокимининг «Captiva»си уриб юборган йўловчи воқеа жойида вафот этди. Косон туман ҳокимлиги ахборот хизмати ушбу маълумотни тасдиқлади.

Фото: «Kun.uz»

Марҳумнинг қариндошларидан бири А.О «Kun.uz»га маълум қилишича, автоҳалокат Косон шаҳридаги Кўп тармоқли марказий поликлиника яқинидаги пиёдалар ўтиш йўлида юз берган.

«Косон шаҳридаги Кўп тармоқли марказий поликлиника яқинидаги пиёдалар ўтиш йўлкасида автоҳалокат юз берган. Натижада 60 ёшли Шерали Жумақулов воқеа жойида вафот этган. У пиёдалар ўтиш йўлкасидан ўтаётганида ‘Captiva’ русумли автомашина уриб юборган. Унинг ўғли Рустам Жўраев туман ИИБга бир неча марта мурожаат қилишига қарамай, воқеа ва тергов юзасидан ҳеч қандай маълумот беришмаган. Рустам Жўраев суриштирганида маълум бўладики, ‘Captivа’ туман ҳокими Асрол Бойқораевнинг хизмат машинаси экан.

Ҳужжатларда эса ‘Гувалак’ маҳалласида яшовчи Раҳим Жўраев (ҳокимнинг биринчи ўринбосари ҳайдовчиси) ҳодиса вақти рулда бўлгани ёзилмоқда. Аслида эса Раҳим Жўраев ўша куни рулда бўлмаган. Машинани туман ҳокимининг ўзи ёки унинг ўғли ҳайдагани тахмин қилинмоқда. Бугун туман ИИБга ариза беришга кетяпмиз», — дейди марҳумнинг қариндоши.

Мурожаат муаллифининг таъкидлашича, ўша куни воқеа юз берган жойда бўлган гувоҳлар ЙТҲ кечки соат 20:00 атрофида содир этилганини маълум қилган. Автоҳалокатни содир этган 70 027 КАА давлат рақамли «Captiva» ичида туман ҳокими, хотини ва қизи бўлган. Шу воқеадан сўнг ҳокимнинг ҳайдовчиси алмаштирилган. Айб Раҳим Жўраевнинг зиммасига юкланмоқда, у эса айбсизлигини таъкидлаяпти.

«Мурожаат қилишимдан мақсад — нега ҳеч ким ҳолатни ўрганмаяпти ва айбсиз одам айбдор қилиняпти?», деб сўраган мурожаатчи. Унинг айтишича, Шерали Жумақулов 5 фарзанднинг отаси бўлган.

«Ушбу автоҳалокат юзасидан тергов ҳаракатлари бошланган. Ҳодиса оқибатида инсон вафот этгани туфайли иш юритув вилоят ИИБ тергов бошқармасига ўтказилган», деди Косон туман ИИБ ТБ терговчиси Ҳусниддин Валиев. ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ирода Расулова ушбу ҳодиса вилоят ИИБ тергов бошқармаси назоратидалигини, вилоят ИИБ сайтида бу борада расмий маълумот эълон қилинишини айтиб ўтган.

Шунингдек, Косон туман ҳокимлиги ахборот хизматининг қайд этишича, Автоҳалокатни содир этган «Captiva» ҳақиқатдан ҳам туман ҳокимлигининг хизмат машинаси ҳисобланади.

«Косон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари сифатида автомашина туман ҳокимлигининг хизмат машинаси эканини тасдиқлайман. ‘Kun.uz’ илгари сурган қолган важлар баҳсли. Қолаверса воқеа нотўғри талқин қилинган. Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини инобатга олсак, Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармаси воқеа бўйича қўшимча маълумот эълон қилиши кутилмоқда», — дейилади туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабарида.

Янгиликлар