Фарғонада янги сотиб олинган автомобилни дилерлик корхонасининг ўзида рўйхатдан ўтказиш мумкин бўлади

Фарғонада эндиликда фуқаролар автомобиль сотиб олгач, уни дилерлик корхонасининг ўзида рўйхатдан ўтказиши мумкин бўлади. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати

Илгари фуқаролар янги харид қилинган автомобилларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг Рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлими ва унинг худудий бўлинмаларига мурожаат қилишарди.

Хабарда айтилишича, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида Фарғонага хориждан замонавий ускуналар олиб келиниб, эндиликда дилерлик корхонларидан сотиб олинган автотранспорт воситаларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари 10 дақиқа ичида шу жойнинг ўзида рўйхатдан ўтказиб, давлат рақам белгиларини бериш тизими йўлга қўйилган.

Ҳозирда Фарғона шаҳридаги «Fergana Motors», «Fergana Avto Savdo», «Avtotexxizmat», «Fergana Avtomarkaz» МЧЖлари ҳамда Қўқон шаҳридаги «KOKAND AUTO TRADE» каби дилерлик корхонларида юқоридаги хизмат турлари ташкилланган.

Аввалроқ Ўзбекистонда мансабдор шахсларнинг хизмат машиналарига GPS ўрнатилиши мумкинлиги хабар қилинган эди.