Шофирконда Халқ қабулхонаси иш ҳақини ололмай келган қурилиш отрядининг 20 млн сўмини ундириб берди
Бухоро вилояти Шофиркон туманида қурилиш отрядидаги ишчиларига Халқ қабулхонаси томонидан 20 миллион сўм иш ҳақи ундириб берилди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар берди.
Шофиркон туманида яшовчи Нодиржон Саъдуллаев тенгдошларидан иборат ёшлар қурилиш отрядини ташкил этиб, тумандаги янгидан қурилаётган қурилиш ташкилотлари билан оғзаки шартномалар тузган. Ишлар якунига етгач, тумандаги «Моҳитобон» МЧЖ ишчиларнинг 20 миллион сўм ҳақларини тўлаб бермаган. Натижада Н.Саъдуллаев туман Халқ қабулхонасига мурожаат қилган.
«Мурожаатим Халқ қабулхонаси ходимлари томонидан атрофлича ўрганилади. Меҳнатимизнинг ҳалол эканлиги исботланиб, менинг ва яна 8 нафар отрядимиз қурувчиларининг 20 миллион сўмлик иш ҳақлари ‘Моҳитобон’ МЧЖ қурилиш ташкилотидан тўлиқ ундириб берилди», – дейди Саъдуллаев.
Аввалроқ Бухорода тадбиркордан 758 миллион сўмлик маҳсулот олиб, пулини тўламай келган бошқарма устидан суд қарори чиққани хабар қилинган эди.